Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Остона саммити якунланди.
ЎзА берган хабарга кўра, давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича қабул қилинган Остона декларациясида амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид асосий ёндашувлар, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни йўналтиришга қаратилган муштарак интилишлар ўз ифодасини топган.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда мажлис самарали бўлгани, имзоланган ҳужжатлар ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлат раҳбарлари ШҲТ саммити юксак савияда ташкил этилганини таъкидлаб, Қозоғистон томонига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Остона саммити
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев раислигида ўтган йиғилишда, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпинг, Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон, кузатувчи мақомидаги мамлакатлар делегациялари раҳбарлари – Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани, Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси бош вазири Нарендра Моди, Мўғулистон Республикаси президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси бош вазири Навоз Шариф, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Иброҳим Раҳипур иштирок этди. Мажлисда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев қатнашди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби ўринбосари Аманжол Жанқулиев, АСЕАН Бош котиби Ле Лионг Мин иштирок этди.
Ўтган йиллар давомида ШҲТ нуфузли давлатлараро ташкилот сифатида халқаро майдонда мустаҳкам ўрин эгаллади, кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизмига айланди.
Ташкилотнинг 2016 йилги Тошкент саммитида Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзоланган эди.















