Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг «Солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишнинг тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарори лойиҳаси эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz ёзмоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 1.04.2017 йилдаги ПҚ–2863-сон «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан аҳолига пуллик хизмат кўрсатувчи хусусий тиббий ташкилотлар (стоматологик ва косметологик клиникалардан ташқари), хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббий ташкилотлар 1.01.2022 йилгача барча турдаги солиқлар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан бўшаётган маблағларни мақсадли йўналтириш шарти билан озод этилган:

•  тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш, уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш,  тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, материаллар, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилиш;

•  тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш;

•  аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш.
 
Хусусий тиббиёт ташкилотлари (стоматология ва косметологиядан ташқари)да бепул тиббий ёрдам қуйидаги шахсларга кўрсатилиши кўзда тутилган:

1. Болаликдан ногиронлар;
2. Чин етимлар;
3. I ва II гуруҳ ногиронлари;
4. 1941 -1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
5. Ёшга оид пенсияга чиққан ишламайдиган шахслар;
6. 1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;
7. Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлар;
8. Байналмилалчи жангчилар;
9. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларга мансуб шахслар.