Мамлакатимиздаги диний билим юртлари – мадрасалар қадим тарихга эга бўлиб, уларнинг довруғи бутун мусулмон оламига тарқалган. Лекин шўро ҳукуматининг сиёсати сабабли барча масжид ва мадрасалар ёпиб юборилиши натижасида 1928 йилга келиб Ўзбекистонда диний таълим тизими батамом тўхтатилган эди. 1943 йилнинг октябрида Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний бошқармаси ташкил этилди. Мазкур Диний бошқарма фаолияти Ўрта Осиёдаги бешта собиқ шўро республикаси – Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни қамраб олган бўлиб, диний таълим билан боғлиқ асосий жараёнлар айнан Ўзбекистонда кечди.

Бухородаги “Мир Араб” (1945 йилдан бошлаб бугунги кунгача) ҳамда Тошкентдаги "Бароқхон" (1945-1961) мадрасалари ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (Тошкент олий маъҳади. 1971 йилдан бошлаб бугунги кунгача) собиқ иттифоқнинг мусулмон ташкилотлари учун мутахассис тайёрлаб берувчи расмий диний ўқув юртлари очилди.

Тошкент олий маъҳадининг тантанали очилиш маросими 1971 йилнинг 1 ноябрь куни ўтказилди ва ўша даврда муфтий бўлган Зиёвуддин Эшон Бобохон диний ва замонавий илмларни пухта эгаллаган, муқаддас динимиз учун зарур бўлган билимдон ходимлар тайёрлашни асосий вазифа қилиб белгилаган эди. Муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратларининг 1225 йиллик таваллуди тантаналари нишонланиши муносабати билан Тошкент олий мадрасаси 1974 йилдан буён Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом олий маъҳади деб юритила бошланди.

Собиқ Иттифоқ даврида бундай олий маълумотли диний кадрлар тайёрлашга мўлжалланган институт ягона бўлиб, шу сабабли ҳам собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан – Кавказорти, Шимолий Кавказ, Озарбайжон, Сибирь ва бошқа ерларидан талабалар келиб таҳсил олишган.

Ислом олий маъҳадида таълим муддати тўрт йил бўлиб, ўрта махсус диний мадрасадан фарқли равишда бу ерда мутахассислик фанлари чуқур ўқитилар эди. Қуръони карим қироати ва тафсири, фиқҳ, ҳадис илми, балоғат илми, хатоба дарси, араб тили ва шу каби мутахассислик фанларига алоҳида эътибор қаратилган.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг шу кунга қадар тамомлаган битирувчилар давлат тизими ва соҳа доирасида вазифаларда ишлаб келишмоқда. Институт тарихида қуйидаги диний уламолар ва давлат арбоблари таҳсил олиб чиқишган: 1989-1990 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1973-1975), ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов (1983-1987), Чеченистон Республикасининг собиқ Президенти