Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябр куни тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотнинг бир қисми тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини жорий этишга бағишланди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мутахассисларнинг билим ва амалий тайёргарлигини мустақил баҳолаш тизими жорий этилади.
Барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган ягона электрон реестр шакллантирилади. У 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, мутахассиснинг таълими, малакаси ва касбий фаолиятига оид маълумотларни бир жойда жамлаш имконини беради.
Давлат рўйхатидан ўтишни 2027 йилдан ихтиёрий, 2030 йилдан эса мажбурий тартибда жорий этиш таклиф қилинмоқда. Кейинчалик давлат рўйхатидан ўтмаган мутахассис тиббий ёки фармацевтик фаолият билан шуғуллана олмайди.
Баҳолаш босқичма-босқич – фундаментал ва клиник фанлар, кейин эса мутахассислик бўйича амалга оширилади. Бунинг учун ягона тест ва топшириқлар банки, замонавий симуляцион базалар ташкил этилади. Имтиҳондан ўта олмаган мутахассисларга қайта топшириш имконияти берилади.
Янги тизимга ихтиёрий равишда эртароқ кирган ходимларни рағбатлантириш ҳам назарда тутилган. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, давлат рўйхатига киритилган олий маълумотли шифокор ва фармацевтика ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларига 2,5 бараваригача устама тўлаш таклиф этилди.
Давлат рўйхатидан ўтказиш ва мутахассислар малакасини баҳолаш ишларини ташкил этиш учун алоҳида марказ фаолияти йўлга қўйилади.
Тақдимотда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Замонавий тиббиётда диагностика ва даволаш усуллари, дори воситалари ва технологиялар тез янгиланиб бораётгани боис, мутахассисларнинг билим ва амалий кўникмаларини мунтазам ошириб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Шу мақсадда барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган янги узлуксиз касбий таълим тизими жорий этилади. Таълим провайдерлари ва дастурлари аккредитациядан ўтказилиб, жараёнлар рақамлаштирилади.















