Давлат раҳбари халқнинг бой маданий мероси ва шонли тарихи бутун дунёда ҳақли равишда катта қизиқиш уйғотишини қайд этди. Сўнгги йилларда ушбу бебаҳо бойликни тиклаш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Шу билан бирга, президент замонавий санъатни ҳам изчил ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

dec33930-4bf5-f650-2257-c95a1d56736d_lists_slider_9579
Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, ушбу марказ Ўзбекистонда замонавий санъатга ихтисослашган биринчи давлат муассасасидир. Шу билан бирга, у Марказий Осиёда кўргазма, таълим, тадқиқот ва маърифий фаолиятни бирлаштирган бундай кўламдаги илк маданий мажмуа ҳисобланади.

Янги марказ 1912 йилда меъмор Вилгелм Гейнцелман лойиҳаси асосида барпо этилган тарихий бинода жойлашган. Дастлаб бу ерда трамвай депоси бўлган, кейинчалик бинодан дизел электр станцияси сифатида фойдаланилган.

0db06e09-33f0-5529-48c9-19d94df756af_lists_slider_9579
Президент матбуот хизмати

Бинони реставрация қилиш бўйича меъморий концепция Франциянинг «Studio KO» бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Янгилаш жараёнида объектнинг тарихий қиёфаси ва саноат меъморчилигига хос хусусиятлари сақланди. Айни пайтда бино замонавий маданий маскан талабларига мослаштирилди.

Президент кўргазма ва таълим майдонлари, жамоат ҳудудларини кўздан кечирди. Мажмуада учрашувлар ва оммавий дастурлар учун майдонлар, концепт-дўкон ҳамда ресторан ташкил этилган. Кенг жамоатчилик учун очиқ ихтисослаштирилган кутубхона ва тадқиқот архивида санъат, визуал маданият ва танқидий назарияга оид адабиётлар ҳамда материаллар жамланган.

1db24500-4dd3-302d-df22-e3730e2e57cc_lists_slider_9579
Президент матбуот хизмати

Марказда кўргазмалар, лекциялар, очиқ суҳбат ва муҳокамалар, филм намойишлари, концертлар, перформанслар, ижодий устахоналар ва арт-резиденция дастурлари ташкил этилади. Ушбу дастурлар маҳаллий ижодкорлар, кураторлар, тадқиқотчилар ва ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, янги касбий амалиётларни жорий этиш ҳамда кенг жамоатчиликнинг замонавий санъатдан баҳраманд бўлиши учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган.