15 июнь куни бўлиб ўтган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусидаги видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маънавий мерос масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
"Кейинги вақтда мен жойларда бўлиб, ҳудудларимиз ҳаёти билан янада яқиндан танишар эканман, шундай бир фикрга ишонч ҳосил қиляпманки, биз ҳали юртимизни, унинг ўзига хос тарихи, маданияти, улуғ олиму уламоларини, бебаҳо маънавий меросимизни тўлиқ ўрганганимиз йўқ.
Мисол учун, Қашқадарё заминида буюк аллома, мотуридия таълимотининг йирик вакили Абу Муин Насафий бобомиз яшаб ўтганлар. У киши узоқ муддат Бухоро ва Самарқандда таҳсил олиб, калом илми, яъни исломий эътиқод поклиги масаласида 15 га яқин китоб ёзганлар. Ана шу китобларида, бундан минг йил олдин дин масаласида адашганларга тўғри йўл кўрсатганлар, деди Шавкат Мирзиёев. - Биз сайловолди учрашувларида ваъда қилган эдик. Ҳаммангиз “ойнаи жаҳон” орқали кўрдингиз, буюк ҳадисшунос аллома Исо Термизий бобомизнинг Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги мангу оромгоҳларини ҳар томонлама обод қилиб, у ерда алоҳида илмий марказ барпо этдик.
Худо хоҳласа, Насафий бобомиз зиёратгоҳида ҳам ана шундай муаззам мажмуа барпо этамиз, бу улуғ зотнинг китобларини таржима қилиб, нашрдан чиқарамиз.
Мана шундай савобли ишларни Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг қадамжолари бўйича, Тошкентда Имом Термизий номидаги масжид ва Сузук ота мақбараси бўйича бошлаб юборганимиздан сизлар албатта хабардорсиз, деб ўйлайман".
Шу билан бирга, давлат раҳбари тарихий-диний меросимизни ўрганиш, тиклаш ишлари ҳамма жойда ҳам талаб даражасида эмаслигига диққатни қаратди.
"Яқинда Бухоро вилоятида сафарда бўлганимизда, машҳур Мир Араб мадрасасини кўриб, тўғриси, анча хижолат бўлдим. Неча замонлардан буён халқимизга, динимизга хизмат қилиб келаётган, нафақат юртимиз, балки мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган қанчадан-қанча уламоларни камолга етказган бу муқаддас даргоҳ ачинарли ҳолга тушиб қолгани албатта афсуслидир.
Бугунги кунда мазкур диний ўқув масканининг нуфузи ва мақомини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бу ердаги қадимий биноларни тубдан таъмирлаш, ён-атрофдаги ҳудудни ободонлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай эзгу ишларимиз қаторида биз ҳозир яна бир йирик лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб боряпмиз.
Маълумки, бизнинг минтақамиз, авваламбор, бугунги Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади.
















