Россиянинг кўплаб шаҳарларида ҳукуматда коррупцияга қарши курашишга йўналтирилган намойишлар бўлиб ўтди. Бу вазиятни ноёб деб бўлмайди, чунки бугунги кунда сиёсатчилар коррупцион можароларга аралашмаган мамлакатни топиш қийин, дейилади "Лента.ру" нашрида берилган мақолада. 

Германия ҳам бундан истисно эмас. 2012 йилда ГФР президенти Кристиан Вульф хизмат лавозимини суиитеъмол қилганликда айбланиб, истеъфога чиқишга мажбур бўлган. Унинг ўз карьерасини бундай аянчли ҳолда тугаллашига сабаб бўлган воқеа бир қараганда кимларгадир кулгили туюлиши мумкин - Вульф уй сотиб олиш учун имтиёзли кредит олган бўлиб, танишларидан бирига унинг ҳисобига кредит учун бир неча юз евро тўлашга изн беради. 

Бироқ немислар учун бу жиддий қонунбузарлик ҳисобланади - қонун ҳамма учун бир, бунда қанча миқдордаги пора ҳақида гап кетаётгани аҳамиятсиз. Шу боис ГФРда фақатгина юқори мансабдаги амалдорларгина жамоатчилик назорати остида деб бўлмайди. Германиянинг бошқа жабҳаларида коррупцияга қарши кураш қандай кечади?

Полициячига аталган гамбургер

Фото: Arnd Wiegmann / Reuters

Бир неча йил илгари Қуйи Саксонияда порахўрликда айбланган полициячилар гуруҳи суд олдида жавоб берди. Аноним хабарчи маҳаллий полиция бошқармасига ҳуқуқ тартиботчиларининг тунги сменада кўпинча "Макдоналдс"га киришлари ҳақида хабардор қилган. Маълум бўлишича, бундай тунги соатларда ресторан ходимлари кўпинча пакетга бир евро қийматидаги тўланмаган гамбургерни қўшиб солишган. Воқеалар суткалик сменанинг охирида рўй бергани учун таомнинг сотилмаган қолдиқлари ҳар қандай ҳолатда ҳам ташлаб юборилар эди. Бироқ қўшни Гамбургдан тергов учун йўлланган махсус полициячилар гуруҳи бу билан оқлана олмади. 

Ички тергов "хизмат лавозими орқасидан ноқонуний фойда олиш" фактини аниқлади

Кейинчалик барча айбланувчилар суд томонидан оқланди, бироқ воқеа ОАВда кенг тарқалди ва бундай ноҳақликнинг жамоатчиликда қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Германияликлар бир евро қийматидаги гамбургер иши бир неча кишидан иборат комиссия томонидан кўриб чиқилиши қанчалик тўғри экани борасида баҳслашишарди. 

Бу воқеа ГФРнинг ҳар қандай даражадаги коррупцияга бўлган муносабатига яққол далилдир. Давлат хизматчилари учун энг қатъий қоидалар белгиланган, давлат хизматчилари деганда, Германияда фақатгина амалдорлар назарда тутилмайди - давлат жамият билан мулоқотда кимларни ўзининг вакили ҳисобласа, шуларнинг бари давлат хизматчиси ҳисобланади. Бу - полициячилар, ўқитувчилар, шифокорлар, олий таълим муассасалари ходимлари, судьялар ва ҳ.к.