“Биз киммиз ўзи ўқитувчими ёки?..”

Кун.uz электрон почтасига йўлланган мурожаат ана шундай аламли гап билан бошланади. Яна ўқитувчи масаласи, яна уларнинг ҳашари-ю, ҳужжатбозликлари ҳақида гап кетаркан-да, дегувчилар адашади. Бошида биз ҳам шундай хаёлга борган эдик, аммо мактубда тилга олинган муаммо “янгича” бўлиб чиқди...

“Мен Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшайман ва мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Биз мактабда ёш авлодга қўлимиздан келганча таълим-тарбия бермоқдамиз, аммо ҳозирги кунда бизларга шунақанги ишлар буюрилмоқдаки, очиғи ўқитувчилигимиздан нафратланиб кетяпмиз.

Мен ўқитувчиларнинг ҳашарга чиқиши ёки ҳужжатлар ҳаддан зиёд кўплигини айтмоқчи эмасман, чунки бу масалалар шундоқ ҳам жуда кўп ёзилди. Яқиндан бошлаб бизга туман ҳокимлиги томонидан янги топшириқ берилди. Жорий йилнинг февраль ойида Президентимиз нафақаларни кекса отахон ва онахонларга нақд кўринишида тўлаш ҳақида фармон чиқарган эдилар. Бундан биз ўқитувчилар ҳам фойда кўргандик, яъни пластик картани нақд пулга айлантириш фоизлари 20-25 фоиздан 10 фоизгача пасайганди.

Аммо нимадир бўлди-ю, бизда июнь ойидан бошлаб нафақаларни яна пластик карталарга ўтказиш бошланди. Буниси майлику-я, туман ҳокимияти мутасаддилари нафақа оладиган отахон ва онахонлар ёнига ўқитувчиларни юбормоқда. Янада соддароқ тушунтирадиган бўлсак, ҳар бир ўқитувчи камида биттадан нафақа олувчини пластик картага "ўтказиши" мажбур эмиш. “Ўз ихтиёри билан ўтганлик ҳақида ариза олиб келмасаларинг, таътилга чиқармаймиз, ишдан ҳайдаймиз”, деган сиёсат қўлланмоқда.

Энди ўйлаб кўринг, биз қандай қилиб бу ишни амалга оширамиз? Бордик, аммо нафақа олувчилар юзимизга қараб “Сен Юртбошимизнинг фармонига қаршимисан?”, деб айтдилар. Бу аслида ўқитувчига юкланадиган ишми? Ахир бизнинг бугунги ҳолатимизни ёш авлод ўз кўзи билан кўриб турибди-ку. Шундан кейин ҳам улар қандай қилиб ўқишга қизиқиши мумкин. Оқибати нима бўлади? Ўзи шундоқ ҳам икки ойда бир маротаба маош олмоқдамиз, бу маош ҳам турли хил янги солиқ турлари билан анча камайиб кетди. Масалан, биз қишлоқда яшаймиз, яқинда бизга сув ва чиқинди солиғи қўшилди. Ахир бизда тоза ичимлик суви ёки чиқинди тўкадиган махсус жойлар йўқ-ку. Хизмати кўрсатилмайдиган бу кабиларга қандай қилиб солиқ тўлаш мумкин? Ҳалигача май ойининг маошини олганимиз йўқ.

Мана энди нафақа муаммосини эшитган олғирлар дарров пластик картани 15 фоизга нақдлаштиришни бошлашди. Мактабни ҳозирда “бекорчи одамлар”нинг ҳаммаси текширгани келмоқда. Ҳатто қишлоқ нозирлари ҳам ўқитувчиларнинг конспектларини титкилашмоқда. Ўзи оладиган маошнинг тайини йўғу, текширишда бирор камчилик чиқса, ҳокимиятга 30 фоиз жарима тўлайсиз.