Спорт | 14:24 / 20.06.2017
27603
2 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян журналистлар билан учрашувга келмайди

21 июнь куни Халқаро пресс-клубда спорт мавзусида, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлари ва ЎФФ раҳбарияти иштирокида журналистлар билан учрашув ташкиллаштирилади.

Лекин ушбу учрашувда ЎФФдан кимлар иштирок этиши маълум эмас.

Championat.asia маълумотига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Конфедерациялар кубоги ўйинларини томоша қилиш учун Россияга йўл олган.  Бабаян Конфедерациялар кубогига қай мақсадда боргани маълум эмас. Унинг айни вақтда Россиядалиги журналистлар билан учрашувга кела олмаслигини кўрсатади. Ҳолбуки, анжуманда иштирок этадиган журналистларда мураббийга саволлар йиғилиб қолганди.

Қолаверса, журналистлар билан учрашувда ҳозирда ЎФФ президенти ҳисобланадиган Мираброр Усмонов ҳам иштирок этиши савол остида.

Энди бу саволларга кимлар жавоб бериши ҳам мавҳумлигича қолмоқда - Халқаро пресс-клуб анжуманга айнан кимлар келишини маълум қилмаган.

Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоасини 2018 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик даврида қабул қилиб олганди. Унинг бошқарувидаги жамоа саралаш ўйинларининг якуний босқичида 8та ўйин ўтказиб, 4 мағлубият қайд этди - терма жамоа ҳозирда 12 очко билан гуруҳда учинчи ўриндан жой эгаллаб турибди, бу ўрин мундиалга тўғридан-тўғри йўлланмани тақдим этмайди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон терма жамоаси билан бир гуруҳдаги 3та терма жамоа учинчи босқич давомида мураббийни ишдан бўшатди, аввалига Хитой, кейин Қатар ва Жанубий Корея терма жамоаларида мураббийлар истеъфога чиқди, гуруҳнинг бешинчи вакили Эрон эса жаҳон чемпионати йўлланмасини Ўзбекистонни мағлуб қилган ҳолда муддатидан олдин қўлга киритди ва Карлос Кейруш лавозимида қолди.

Ўзбекистон футбол федерацияси эса Самвел Бабаян қолган ўйинларда ҳам терма жамоани бошқариши хусусида баёнот берди.

Мавзуга оид