23 июнь куни Президент «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарорга кўра, марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

мамлакат асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

марказ таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондларини бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳисобидан шакллантириш;

марказ таркибидаги музей экспозициясининг мавзу йўналишларини чуқур ўйланган, илмий асосланган аниқ режа бўйича шакллантириш ва уни энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида намойиш этиш;

ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш;

жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш;

ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этишини, унинг асл, гуманистик мазмунини теран таҳлил этишга қаратилган илмий тадқиқотлар, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида — жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирларни амалга ошириш;