«Тошкент-4» терминали қурилиши ишлари тўхтатилди
Тошкент аэропортининг «Тошкент-4» терминалини қуриш бўйича ишлар вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 июнь куни имзоланган «Тошкент-Шарқий» аэродроми базасида фуқаролик (ишчи) авиацияси замонавий аэропорт мажмуасини қуриш» тўғрисидаги қарорида маълум қилинган.
Ҳужжатда қайд этилишича, терминал қурилиши аҳоли турар жойлари ва бошқа бинолар бузилишини, Қорасув канали ёқасидаги ҳудуддан аҳолини кўчиришни талаб этади, бу эса туман аҳолиси томонидан норозиликларга сабаб бўлган.
Бунинг ўрнига Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда реконструкция ишлари олиб борилади. Бу ишлар аэропортнинг қабул қилиш қобилиятини ошириш ва халқаро рейслар йўловчиларига юқори сифатли хизматлар кўрсатишга қаратилади.
Бундан ташқари, шу қарор асосида «Тошкент-Шарқий» аэродроми (Тузелда) фуқаролик авиацияси учун мослаштирилади, унинг базасида олий даражадаги меҳмонларни кутиб олиш учун авиация мажмуаси барпо этилади.
Янги қуриладиган авиация мажмуасида, жумладан, олий даражадаги хорижий делегацияларни кутиб олиш ва кузатишни ташкил этиш учун зарур шарт-шароит яратилади.
Қарорда таъкидланишича, янги мажмуа қурилиши хорижий молия институтларининг қарзлари, шунингдек, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон давлат раҳбари «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини уч ой муддатда «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва ваколатли органлари билан келишиш ҳамда уни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳақида кўрсатма берган.
Шавкат Мирзиёев 2018 йил 1 февралига қадар қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлаш билан бирга олиб боришга рухсат берди. Шунингдек, мазкур лойиҳа иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилди.
«Тошкент-Шарқий» аэродромидаги ҳарбий-транспорт авиацияси бошқа жойга кўчирилади. Аэродромда қурилиш-монтаж ишлари 2018 йил февралида ўтказилади.
«Тошкент-4» терминали 2019 йилда қуриб битказилиши кутилаётган, унинг меъморий лойиҳаси Жанубий Кореянинг Heerim компанияси томонидан ишлаб чиқилганди. Лойиҳа қиймати 430 миллион долларга баҳоланганди. «Тошкент-4» майдони 87 минг квадрат метр бўлиши, соатига 1,5 минг ёки йилига 5,7 миллион йўловчига хизмат кўрсатиши мўлжалланганди.
Мавзуга оид
19:31 / 14.11.2024
Аэропортга ишга жойлаштириш эвазига 1,5 минг доллар олган ходим ушланди
16:28 / 01.11.2024
Зарафшон шаҳри аэропорти фаолияти тикланиши мумкин
07:37 / 26.10.2024
Тошкент аэропорти яқинидаги янги йўл ўтказгич ишга туширилди
00:08 / 20.10.2024