Жаҳон | 15:50 / 06.07.2017
23955
3 дақиқада ўқилади

Кун санаси: Нурсултон Назарбоев 77 ёшга тўлди

Бугун, 6 июль куни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев таваллуд айёмини нишонламоқда. Tengrinews шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди

77 йил аввал худди шу куни Чемолган қишлоғида Абиш ва Алжан Назарбоевлар оиласида узоқ кутилган ўғил фарзанд дунёга келган. 

"Фарзанд туғилган куни қариндош-уруғлар турли исмларни таклиф қилишган. Охир-оқибат боланинг бувиси ўзининг якуний қарорини айтган: "Неварам бир вақтнинг ўзида икки исм эгаси бўлсин - Нур ва Султон, унинг исми Нурсултон бўлсин". - Давлат раҳбарининг шахсий саҳифасида шундай маълумотлар тақдим этилган. 

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни мустақил давлат сифатидаги биринчи кунлариданоқ бошқариб келади. У 1991 йил 1 декабрда сайловчиларнинг 98,7 фоиз овозига эга бўлиб, Президент сифатида эълон қилинган.

Давлат раҳбарининг 2015 йил 26 апрелда бўлиб ўтган сўнгги навбатдан ташқари сайловларида амалдаги президент яна бир бор ғолиб бўлди. 

Нурсултон Назарбоевнинг лавозимлари: Қозоғистон Республикасининг биринчи  президенти (Миллат отаси), ҚР Қуролли кучлар олий бош қўмондони, Қозоғистон халқ ассамблеяси раиси, "Нур отан" партияси раиси, Жаҳон қозоқлар ассоциацияси, ҚР Хавфсизлик кенгаши раиси, ҚР президенти ҳузуридаги Хорижий сармоячилар кенгаши раиси,  Ишбилармонлар кенгаши раиси, Миллий фонд бошқаруви кенгаши раиси, Архитектура кенгаши раиси, Назарбоев Университети Олий васийлик кенгаши раиси.

Нурсултон Назарбоев қатор китоблар ва мақолалар муаллифидир. У кўплаб совет, қозоқ ва хорижий орден ҳамда медаллар билан мукофотланган. 

Давлат раҳбари расмий лавозимларидан ташқари, қатор илмий унвон ва мақомларга ҳам эга. Назарбоев Кембриж университетининг (Буюк Британия) нуфузли профессори, Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг нуфузли доктори ҳисобланади. Шунингдек Нурсултон Назарбоев - "Евроосиё олимлар иқтисодий клуби" ассоциациясининг нуфузли президенти. 

Назарбоев Қозоғистоннинг янги пойтахти ташаббускоридир. 1998 йилнинг 6 майида Президент Фармонига кўра, Оқмўла Остона дея қайта номланди. Пойтахтнинг расмий кўчиши 1997 йилнинг декабрида амалга ошди. 

Жорий йилда Остона 19 ёшга тўлди. 

Остона Халқаро аэропорти расман Қозоғистон давлат раҳбари шарафига номланган. Шунингдек университетлардан бири ҳам Назарбоев номини олган.

Мавзуга оид