4 июль куни "Ўзбекистон ҳаво йўллари" "Тошкент-Иссиқкўл-Тошкент" йўналишида илк рейсни амалга оширгани ҳақида хабар берган эдик. Хўш, Иссиқкўл айнан нимаси билан бошқа жойлардан ажралиб туради? Нега айнан Иссиқкўлга бориш керак? У ерга бормоқчи бўлган сайёҳ айнан нималарни билиши керак?

Қуйида “қайси жойга борсам экан?”, дея ўйланиб ўтирган инсонлар учун керакли маслаҳатларни берамиз.

1. Қулай маршрут

Иссиқкўлга бориш учун муҳим сабаблардан бири – унга боришнинг осонлиги ҳамда визасиз режимнинг мавжудлигидир. Бироз кўпроқ вақт олса-да, Ўзбекистондан Иссиқкўлга автобусда ҳам бориш мумкин – бунга 15-16 соат вақт кетади. Бу бироз ноқулайлик туғдирса ҳам, ортиқча харажатдан сақлаб қолади.

Агар ҳамёнингиз кўтарса, у ерга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси йўлга қўйган мавсумий чартер рейсларда бориш ҳам мумкин. Самолёт Иссиқкўлга ҳафтанинг сешанба куни парвозини амалга оширади. Унинг нархи 280 АҚШ доллари.

2. Маҳаллий тилни билиш шарт эмас

Қирғизистон аҳолиси билан саёҳат учун асосий бўлган мавзулар (харид амалга ошириш, такси гаплашиш, манзилни сўраш ва ҳоказо) да ўзбек тилида ҳам мулоқот қилиш мумкин.

Шунингдек, Иссиқкўл атрофидаги аҳолининг деярли 90 фоизи рус тилида гаплаша олади ва бу рус тилини биладиган сайёҳ учун жуда қулай.

3. Гўзал манзараларга бой табиат

Иссиқкўл сувнинг тиниқлиги борасида Байкал кўлидан кейин, 2-ўринда туради. Ҳудуд нафақат кўл билан, балки тоғ ва дарахтлари билан ҳам эътиборга лойиқ.