Жаҳон | 17:40 / 09.07.2017
45200
3 дақиқада ўқилади

Охирги жангарилар Мўсулдан қочиб кетди. Ироқ ҳукумати халқни ғалаба билан табриклади

Фото: Reuters

Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий Мўсулга келди. У ҳарбийлар билан учрашган ва уларни ғалаба билан табриклаб, шаҳар ИШИД жангариларидан тўла озод этилгани ҳақида эълон қилган. Ободий Ироқ халқи ва ҳарбийларнинг улкан қаҳрамонликлар кўрсатганини эътироф этган.

Ироқ ҳукумати шаҳарда битта ҳам жангари қолмаганини расман маълум қилди ва халқни жангарилар устидан қозонилган ғалаба билан табриклади.

Бугун Ироқ армиясининг илғор қисмлари жангариларнинг шаҳардаги охирги маконига ҳужум қилган. Шаҳардаги охирги жангарилар охирги ҳужумларга дош бера олмасдан, чекинган. Маҳаллий нашрларда ёзилишича, жангариларнинг қолган-қутган қисми Тигр дарёсининг нариги томонига ўтиб кетган. 

Ироқ армияси бригада генерали Яҳё Расулнинг маълум қилишича, дарёни кечиб ўтаётган вақтда жангариларнинг бир қисми йўқ қилинган.

Айни вақтда Мўсулнинг Эски шаҳар қисмида Ироқ байроқлари ҳилпирамоқда.

Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри, мамлакат шимолида жойлашган Мўсул ИШИД томонидан 2014 йил июнида босиб олинганди. Шаҳарни озод этиш учун ҳарбий амалиёт ўтган йилнинг 17 октябрида бошланганди. Шаҳарнинг ғарбий қисми 2017 йил январида эгаллангач, ҳарбий юришда танаффус қилинганди. Амалиёт давомида Ироқ армиясига шиаларнинг ҳарбий бўлинмалари, курд отрядлари ва халқаро аксилтеррор коалиция кучлари ёрдам беришди. Бир неча кун олдин Ироқ армияси вакили Мўсул қамалида ҳал қилувчи якуний босқич бошлангани ҳақида маълум қилганди.

Жангарилар кейинги 9 ойда ҳукумат ҳарбийларининг муттасил ҳужумлари остида бўлди. Ҳарбий амалиётларда Ироқ армиясига курд пешмерглари, шиа бўлинмалари ҳамда сунний иттифоқчилар ёрдам кўрсатди. Шунингдек, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция самолётлари юришларни ҳаводан туриб қўллаб-қувватлаб турди.

29 июнь куни Ироқ армияси Мўсул жангариларидан озод қилингани ҳақида эълон қилганди.

Шаҳар олиниши учун жанглар давомида тинч аҳоли ўртасида кўплаб қурбонлар бўлган. Миллионга яқин киши шаҳарни ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Шаҳарнинг асосий қисми харобага айланган.

БМТ шаҳарни қайта тиклаш учун 1 млрд доллар миқдоридаги маблағ зарурлигини маълум қилган.

Ироқ армиясининг бу шаҳардаги ғалабаси ИШИД учун катта зарба бўлди. Эндиликда Ироқ ҳудудида ташкилот назоратида бўлган биронта шаҳар қолмади.

Аммо бу ИШИД хавфи бутунлай бартараф этилди, дегани эмас.

Мавзуга оид