Ўзбекистон | 11:25 / 11.07.2017
22155
3 дақиқада ўқилади

Янги тузилган жамғарма озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш билан шуғулланади

Ўзбекистонда Истеъмол бозорида нархларни барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилди. Бу Ўзбекистон Президентининг «Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга молик озиқ-овқат товарлари билан ишончли таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Ушбу жамғарма ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларига аҳолининг ортиб бораётган талабини янада тўлиқроқ қондириш, уларнинг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, нарх-навонинг ошиб кетиши, инфляция ва аҳолининг реал даромадлари тушиб кетишига олиб келувчи омиллар шаклланишига йўл қўймаслик мақсадида тузилди.

Жамғарма юридик шахс мақомисиз ташкил этилмоқда. Қарорга кўра, Молия вазирлиги жамғармага 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ тақдим этади.

Ушбу маблағ асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва таклифнинг мавсумий ва бошқа кескин ўзгаришларини бартараф этишга сарфланади.

Биринчи навбатда, гўшт, ўсимлик ва ҳайвон ёғи, донли экинлар, ун, картошка, сабзи, пиёз, шунингдек, бошқа ижтимоий аҳамиятга молик товарларнинг нархларини барқарорлаштиришга қаратилади.

Жамғарманинг ишлатилган маблағлари кейинчалик харид қилинган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларини ички истеъмол бозорида сотишдан келиб тушадиган маблағлар суммаси ҳисобига тикланади.

Жамғарманинг маблағлари билан қатъиян Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларига нарх- навони мониторинг ва назорат қилиш республика комиссияси қарорлари бўйича сарфланадиган ҳолда ташкил этилади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда республика комиссияси қароридан кейин, танлов асосида, жамғарма маблағлари ҳисобидан белгиланган ҳажмларда жумладан, гўшт, ўсимлик ва ҳайвон ёғи, шунингдек, ички бозорда етишмаётган бошқа муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг импорт қилинишини қисқа муддатларда таъминлаган.

Жамғарма ҳисобидан импорт қилинадиган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари 2018 йил 1 апрелигача божхона тўловларидан озод этилди.

Республикада ишлаб чиқарилмайдиган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини етарли даражада фаолият юритишини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда, қорамолчилик тармоқларининг эҳтиёжларини тўлақонли ва сифатли қондириш мақсадида ем-хашак ишлаб чиқариш учун ғалла, уруғлик материаллар ва бошқа хом ашё ресурсларини импорт қилишда божхона ставкаларини камайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклифлар кириш тўғрисида мутасадди вазирлик ва қўмиталарга топшириқ берилган.

Мавзуга оид