
26 август куни бокс ихлосмандлари Конор МакГрегор ва Флойд Мэйвезернинг бокс рингидаги жангига гувоҳ бўлишади. Кеча икки спортчи иштирокидаги илк матбуот анжумани ўтказилди. Таниқли спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ушбу матбуот анжумани ва кутилаётган жанг ҳақидаги фикрлари баён этилган пост жойлаштирди.
* * *
Бошланди! Кеча биринчи матбуот анжумани ўтказилди ва биринчи рекорд қайд этилди. Жанг расман эълон қилингандан кейин улар илк марта юзма-юз учрашишди. Интернетда эса онлайн трансляция рекорди ўрнатилди. Ҳали яна бир неча матбуот анжуманлари бўлиб ўтади. Улардан бири Лондондаги «Уэмбли» стадионида.
Шунчаки тасаввур қилинг: МАТБУОТ АНЖУМАНИни томоша қилиш учун интернетда сотувга чиқарилган чипталар 2 ДАҚИҚАДАЁҚ СОТИЛДИ! СТАДИОНГА! Бу фақат матбуот анжуманининг чипталари ҳали. Жангга чиқарилган чипталарнинг расмий нархи 90.000 долларгача.

Чунки, бунақа воқеа спорт тарихида бўлмаган. Бир бирига рақобатчи икки йўналиш — профессионал бокс ва ММАнинг мутлақ биринчи рақамлари учрашишади. Иккаласи ўз йўналишида жанглар орқали қўлга киритилган маблағлар ва трансляциялар сотуви бўйича рекордчилар ҳисобланишади.
Конор МакГрегорга қойил қолиш керак. У шер бўла туриб, акуланинг ҳудудига ўтиб курашади. Жанг тўлиқлигича бокс қоидалари бўйича ўтказилади. Расман Конор профессионал боксчи сифатида рингга чиқади. Шу сабабли, бокс олами бир овоздан «Конорнинг рингдаги ҳаётини 1 раунддан иборат», дея тахмин қилди.
Менимча, шошмаслик керак. UFC октагони бу — спортнинг энг оғир ҳудуди. У ерда ростдан ҳам инсоннинг жисмоний имкониятлари йўл қўядиган максимум даражадаги атлетлар курашади. У ердан соғ чиқиб кетишнинг ўзи бир катта натижа. Ана ўша ҳудуддан Number one, Қирол унвони билан келаётгани жангчини жиддий қабул қилмаслик — катта хато.
Тўғри, Конор фаворит эмас, бу фикрга қўшиламан. У андердог бўлиб келади. Мэйвезер — фаворит, у — машина. Флойд Мэйвезернинг фаолиятини тахминан 15 йилдан бери кузатаман ва бирор жангини ўтказиб юбормаганман. Шу вақт ичида у ютқазиш у ёқда турсин, ҳатто тиззасини ерга теккизмаган, бирор марта гандиракламаган. Энг зўрлар билан учрашган. Бунга у, шубҳасиз, ноёб қобилияти ва оғир меҳнати билан эришган.



















