Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоевнинг маълум қилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг турли соҳа вакиллари билан ўтказаётган учрашувлари, аниқ белгилаб бераётган вазифалари нафақат ўша соҳаларга, балки бутун жамият ҳаётига туб ўзгаришларни олиб кирмоқда.
“Ҳар биримиз эскича дунёқараш ва иш услубларидан бутунлай воз кечиш вақти келгани, мамлакатимиз тараққиётида бутунлай янги давр бошланганини тушуниб, ҳис қилишимиз лозимлигини кўрсатмоқда. Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилиши ҳам тарихий учрашувлардан бири бўлди.
Қанчалик аччиқ бўлмасин, тан олишимиз керак, сиёсий партиялар ва депутатлар фаолияти бўйича билдирилган барча танқидий фикрлар — айни ҳақиқат!
Ушбу камчиликларнинг сабаби нимада? Уларни бартараф этиш учун нима қилишимиз керак? Ҳар қандай баландпарвоз гаплардан олдин мана шу саволларга жавоб топишимиз лозим.
Партиямиз аъзолари ва фаоллари, депутатларимизни ҳисобга олсак, ярим миллионга яқин, катта потенциалга эга кучмиз. Лекин, очиқ айтиш керак, бу куч самарасиз ишлаб келмоқда эди. Бунинг энг асосий сабаби партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари раҳбарларининг тушунчаси, ташаббускорлиги билан боғлиқ, десак, тўғри бўлади.
Йиллар давомида ташаббус қилишдан қўрқиш, тепадан рухсат кутиб ўтириш, катта-кичик раҳбарларнинг қош-қовоғига қараш каби иллатларга ўрганиб қолдик. Натижада сиёсий жараёнларнинг бошида туриши керак бўлган партиялар, сиёсий майдондаги заиф бўғинга айланиб қолди”, - деган Вафоев.
Унинг сўзларига кўра, йиғилишда билдирилган танқидлар, ҳаётий таклифлар депутатларни ушбу иллатлардан халос бўлишга, руҳиятларини кўтаришга, масъулиятни оширишга, журъатли бўлишга даъват этган.
“Мулоқотда нафақат танқидий фикрларни эшитдик, балки ундан катта куч олдик. Сайловолди дастуримизда жойлардаги ҳақиқий ҳолат ҳамда одамларни қийнаётган масалалар ўз аксини топмаган. Хўш, ҳаётимиздаги одамларни қийнаб келаётган муаммоларни билмасмидик? Билмаган эдик, десак ёлғон бўлади, албатта, билардик. Лекин ҳақиқий ҳолатни дастуримизга очиқ ёзишга, муаммоларни кўндаланг қўйишга бизда сиёсий журъат етишмаган. Муаммоларни силлиқлаб, сайқал бериб, номига ёзишга ҳаракат қилганмиз. Натижада дастуримиз жойлардаги ҳақиқий ҳолатдан ва одамларни қийнаётган масалалардан йироқ ҳамда оддий сайловчиларга тушунарсиз бўлиб қолган. Бунинг оқибатида жамиятда таъсир кучимиз қандай даражадалиги ҳаммамизга маълум”, - дейди Вафоев.
Албатта, партия дастури қотиб қолган ҳужжат эмас. Жамиятдаги ислоҳотларга ҳамда электорат талабларига мос равишда дастурий вазифаларни қайта кўриб чиқиш керак. Президент маърузасида таъкидланганидек, Ўзбекистон ХДП ўз сайловолди дастурида аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг (пенсионерлар, ногиронлар) манфаатларини ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўйган. Лекин уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида партия томонидан бирорта ҳам қонун ташаббуси ёки парламент назорати бўйича ташаббус бўлгани йўқ.

















