Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси “Бошқарув кадрларини тайёрлаш (МТР)” лойиҳаси доирасида Европа давлатларида бўлиб ўтадиган стажировка учун номзодлар қабул қилиш бошланганини эълон қилди.

Саралашдан муваффақиятли ўтган номзодлар Европанинг етакчи компанияларида ишбилармон стажировкадан ўтиш (энг узоқ муддати – 2 ҳафта) имконига эга бўладилар.

Асосий йўналишлар:

Стажировкалар дастурида иштирок этиш учун кичик ва хусусий бизнес корхоналари иқтисодиётнинг қуйидаги секторларида фаолият юритаётган бўлишлари керак:

•  Сабзавотлар ва меваларни қайта ишлаш ва қадоқлаш;
•  Узумчилик ва виночилик;
•  Иссиқхоналар;
•  Сув тежайдиган технологиялар, томчилаб суғориш тизимлари;
•  Ақлли фермалар, органик қишлоқ хўжалиги, органик озиқ-овқат занжирлари;
•  Тўқимачилик ва қўл меҳнати буюмлари;
•  Қишлоқ ҳудудида сақлаш ва логистика;
•  Йирик қорамол, қўйлар хўжаликлари, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари;
•  Сут маҳсулотларини қайта ишлаш;
•  Қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан фойдаланиш ва утилизациялаш;
•  Қишлоқ туризми (масалан, агро- ва экотуризм).

Бунга қўшимча равишда, компания ва номзод қуйидаги талабларга мос келиши керак.

Кичик бизнеснинг ишлаб чиқарувчи корхоналари ва экспорт қилувчи корхоналари учун саралаш мезонлари:

•  лойиҳада кўрсатилган иқтисодиётнинг мақсадли секторларидан бирида фаолият юритиши;
•  100 фоиз хусусий мулк;
•  ходимлар сони 5 дан 250 кишигача;
•  қўшма корхона  бўлган тақдирда, ўзбек томонига тегишли бўлган камида 51 фоиз капитал;
•  солиқ органларида қарздорликларнинг йўқлиги.

Менежерлар учун саралаш мезонлари:

•  Камида ўрта таълим тўғрисидаги диплом ёки коллеж/лицей дипломининг мавжудлиги. Олий таълим устунлик саналади.