Бугунги ўзбек матбуоти замон билан ҳамнафас яшаяптими? Унинг янгиланишига нималар етишмаяпти? Ана шу ва бошқа кўплаб долзарб саволларга жавоб изланган Ўткир Қаламтебратарнинг «Жиддий» газеталарни нега ўқимаймиз?» сарлавҳаси остида мақоласи fayzbog.uz’да эълон қилинди. Қуйида мақола ўзгаришларсиз берилмоқда. 

Саволни қайтараман. Биз нега газета ўқимаймиз? “Интернет асри бошланди”, “Мессенжерлар матбуот ўрнини эгаллаяпти”, “Замонавий дунё…” ва шунга ўхшаш сафсаталар билан бошимни қотирманг! Daily Mail ҳар куни 1,5 миллион нусхада чоп этилади. Туркларнинг эрталабки нонуштаси чой ва қарийб 400 минг тиражга эга Sabah’сиз ўтмайди. Нима, сизнингча Англия ёки Туркия динозаврлар даврида яшаяптими? Албатта, йўқ! Хўш, унда нега бизнинг одамлар газетадан қўлини ювиб қўлтиғига урган?

Тарғибот

Эсимни таниганимда, юз минг аҳоли яшайдиган бизнинг шаҳарчада икки ёки учта киоск бўларди. Қарийб 20 йил ўтди. Кўплаб ўзгаришлар, янгиликлар бўлди. Ўнлаб ҳокимлар алмашди. Аммо киоскалар ўша-ўша. Фақат сотувчилар биз “жиддий” деб атайдиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, сиёсий партия нашрларининг нуқси ўтиб — мунғайибгина, эгилибгина қолишган.

Умуман, Ўзбекистонда газеталар тарғиботи интернет технологиялари тараққий этган ҳозирги даврда ҳам — мажбурий обуна ва киоска даражасидан кўтарила олмаяпти. Аслида, дунёнинг кўпгина ривожланган давлатлари, хусусан, Туркияда бу борада аллақачон янгича услуб ва тажрибалар қўлланилади. Масалан, Истанбулда газета сотиб олиш учун киоска қидириб юрмайсиз. Уйингиз ёнидаги исталган маиший дўконнинг кираверишида кунлик нашрлар илиб қўйилган.

Психологлар таъбири билан айтганда, бундай тарғибот технологияси — 25-кадр, яъни кишиларнинг онг остига яширин реклама воситасида таъсир ўтказиш, дейилади. Сиз уйингиз ёнидаги дўконга аслида нон ёки сақич учун кирган бўлсангиз ҳам, хоҳлайсизми ёки йўқ, кўзингиз, албатта, эрталабки “иссиқ” газеталарга тушади, онгнинг бир бурчида уларни жилла қурса варақлашга қизиқиш уйғонади. Масалан, сиз уйингиз ёнидаги дўконга бир кунда ўртача неча марта кирасиз?

Негадир, бизда шу каби тажрибалар қўллаб кўрилмайди. Аслида, босмахоналар буюртма берилган нашрларни белгиланган ададдан 15-20 тача кўп чоп этади. Ўша ортиқчаси хусусий дўкон ёки супермаркетларга дастлаб текинга тарқатилганда ҳам газета учун яхшигина реклама вазифасини ўтайди. Бе, бизга “ортиқча” ғалванинг нима кераги бор? Тирикчилик “юриб” турса бўлди-да!

Интернет — эрмак эмас!