Йилига 50 млрд куб метр қувватга эга ва Путин томонидан «Сила Байкала» деб қайта номланган янги қувур бўйича музокаралар тўхтаб қолди, деб хабар берди South China Morning Post нашри вазиятдан хабардор манбаларга таяниб.
«Нарх борасида силжиш йўқ», — деб изоҳлади газетанинг суҳбатдошларидан бири.
Хитой Россия гази мамлакат фуқаролари тўлайдиган нархда, яъни минг куб метр учун тахминан 50 доллар бўлишини ёки ҳеч бўлмаганда саноат истеъмолчилари учун белгиланган Россия ички нархида — қарийб 120-130 долларда бўлишини хоҳламоқда.
Бироқ Россиянинг умидлари бошқача, дейди SCMP манбаси: у нархни белгилашда Пекиннинг «Сила Сибири - 1» гази учун тўлаётган нархидан келиб чиқишни таклиф қилмоқда. Бу нарх минг куб метр учун 250-260 долларни ташкил этади ва у аллақачон «Газпром»нинг узоқ хориждаги бошқа мижозлари учун шартнома нархларига (минг куб метр учун 420 доллар) нисбатан қарийб 40 фоизлик чегирмани ўз ичига олади.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ШҲТ саммити арафасида Си ва Путин биринчи меморандуми 2006 йилда имзоланган ушбу машаққатли лойиҳани яна муҳокама қилишини айтганди. Аммо учрашув якунлари бўйича расмий коммюникеда газ лойиҳаси ҳақида бир оғиз сўз ҳам йўқ, деб таъкидлайди SCMP.
Путинга Бишкек сафарида ҳамроҳлик қилган Россия энергетика вазири Сергей Цивилёв музокаралардан сўнг лойиҳа «қурилишга ўтишнинг якуний босқичида» эканини маълум қилди. «Вектор Капитал» таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Россия ҳукумати 2022 йил бошидан бери бундай баёнотларни камида 10 марта берган.
Хусусан, 2022 йил сентябрда Путин газ қувури бўйича битимнинг асосий параметрлари, жумладан, нарх шартлари келишиб олинганини даъво қилган эди. 2023 йил март ойида эса ўша пайтда Энергетика вазирлигига раҳбарлик қилган Александр Новак шартнома «йил охиригача» имзоланишини эълон қилганди. Шундан бери Новак битим «якуний босқичда» экани ва тез орада имзоланишини яна тўрт марта айтди.
New Eurasian Strategies Centre илмий ходими Алексей Чагадаевнинг қайд этишича, Хитойнинг «Сила Сибири - 2» қурилиши ҳақида қарор қабул қилишга шошилишига ҳеч қандай асос йўқ, чунки унинг музокаралардаги позицияси «кун сайин кучайиб бормоқда». «Газпром» илгари Европага йилига 200 млрд куб метргача етказиб берилган газни де-факто ҳеч қаёққа сотолмаяпти. Ҳозир компаниянинг экспорти йилига 70-80 млрд куб метр атрофида бўлиб, бу Россия учун 1980-йиллар ўрталаридан бери энг паст кўрсаткичдир. Европада Венгрия, Словакия ва Греция «Газпром» газини сотиб олишда давом этмоқда, бироқ Европа Иттифоқининг газ эмбаргоси туфайли бу оқимлар ҳам 2027 йилда тўхтаб қолиши мумкин.
















