Кун.uz таҳририяти айни кунда аҳоли мурожаатлари билан ишлашга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Имкони борича ҳар бир мурожаатни эътиборга олишга ҳаракат қиляпти. 

Электрон почтага келган ана шундай мурожаатлардан бирини ўрганиш учун ижодий жамоа билан Тошкент шаҳри Миробод туманига йўл олдик. 

Мурожаат Тошкент шаҳри Миробод тумани Чимкент кўчаси 1, 3, 5 уй ҳамда Буюк Турон кўчаси 73 уйда яшовчи аҳолидан келиб тушган бўлиб, унда баён этилишича, ўзлари яшаётган кўп қаватли уйлар орасига қурилаётган 3 қаватли савдо маркази юзасидан шикоят қилишган. Айтилган манзил бўйича етиб борганимизда, аҳоли норозилиги бўйича ҳокимлик комиссияси гуруҳи мазкур қурилиш ишларини ўрганаётганлигига гувоҳ бўлдик. Аммо негадир бизни аҳоли билан мулоқот қилишимизга норози кайфиятда бўлишди ва ҳамда турли важлар билан қаршилик қилишди. 

Миробод тумани ҳокими ўринбосари сайт журналистларидан видеокамерани ўчиришни, ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиб, ижодий гуруҳ ходимларига сенсираб мурожаат қилди. “Расмий рухсати йўқ, олиб чиқиб кетинглар”, деб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига юзланди. Афтидан, ҳоким ўринбосари халқ мурожаати асосида воқеа жойига чиқиб, вазиятни ўрганиш мақсадида бўлган журналистга ҳеч қандай ташкилотдан рухсат олиш талаб этилмаслигини билмайди чоғи.

Умуман олганда қизиқ савол туғилади. Аҳоли манфаатларини кўзлаган комиссия нега бунчалик ижодий гуруҳнинг келишидан норози. Комиссиянинг вазифаси нима? Халқ билан учрашишимизга қаршилик қилган Миробод тумани ҳокими ўринбосари Алишер Набиев комиссия аъзосими ёки комиссияга ҳамроҳми. Нега бунчалик оммавий ахборот воситаси фаолиятидан безовта бўлмоқда? Бу саволлар ҳозирча жумбоқ! Муҳими аҳоли билан мулоқот қила олдик. 

“Бизнинг эътирозимиз шундай. Бу ерда гузар қурилмоқда, гузарга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ эди. 4 та уй тўғрисида қурилиш кетмоқда. Кун иссиқ, экология оғир. Жуда катта дарахтларни кесиб ташлашди. Бу ерга тушиб бироз дам олардик. Энди ҳамма жой тупроқ, чанг. Бу масала бўйича жуда кўп жойга мурожаат қилдик. Ҳокимиятга уч маротаба, Президент девонига, Халқ қабулхонасига икки маротаба бордик. Бироқ, ҳеч нарса ўзгармади. Улар қурилишни тўхтатмаяпти. Қурилиш кечаси билан давом этади. Эрталаб яна соат 6дан бери ишлашади. Бу ерга на ёнғин хизмати машинаси, на тез тиббий ёрдам машинаси кира олади. Комиссия ўзи бугун келди”, - дейди маҳаллий аҳоли вакиллари.