Ўзбекистонда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат бошқаруви органларининг қуйи бўғинлари фаолиятини тубдан яхшилаш, уларнинг халқ билан мулоқот қилишини таъминлаш, бу борада самарали ижтимоий ҳамкорлик механизмини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилган. 

Бугунги кунда дунёда глобаллашув жараёнлари кучайиб, тинчлик ва барқарорликка қарши янги таҳдид ва хатарлар тобора кўпайиб бормоқда. Бундай мураккаб ва таҳликали вазият соҳада амалга оширилган ишларни танқидий баҳолаб, унинг фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштиришни тақозо этмоқда. 

Хусусан, оила, маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар тарбияси, чекка ҳудудлар ва маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан мақсадли ғоявий-тарбиявий ишларнинг юзаки тарзда олиб борилаётгани, жиноятчилик, диний экстремизм ва террористик ҳаракатларга адашиб қўшилиб қолиш, миллий қадриятларга эътиборсизлик, эрта турмуш қуриш, оилавий ажралишлар каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларининг аксарият ҳолларда кутилган натижани бермаётгани бу масалаларга жиддий эътиборни талаб этмоқда. 

Ана шу мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, маънавий-маърифий тарғибот ишларининг мазмун-мундарижасини тубдан яхшилаш, уларнинг кўлами ва миқёсини кенгайтириш, тизимда фаолият кўрсатаётган соҳа ходимларининг билим ва малакасини изчил ошириб бориш, туман (шаҳар) даражасидаги ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг барқарор тизимини йўлга қўйиш, соҳада фаолият олиб бораётган муассаса ва ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарасини ошириш мақсадида Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида Республика Маънавият ва маърифат маркази қайта ташкил этилади. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги ПҚ-3160 қарорида шу ҳақда сўз боради. 

Марказ фаолиятини ташкил этишда қуйидаги асосий вазифаларга алоҳида эътибор қаратилади: 

мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг мазмун ва моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишга қаратилган тарғибот ишларини тизимли ва изчил амалга ошириш, бу борада кенг жамоатчилик, олимлар, мутахассислар, ижодкор зиёлилардан иборат “Маърифат” тарғиботчилар жамиятини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини доимий асосда йўлга қўйиш; 

дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиб бориш, терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси, “оммавий маданият”, наркобизнес ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш;