Дунёга келган чақалоқдаги бокиралик, поклик ва беғуборлик аслида бир умрга сақлаб қолиш учун берилади. Аммо яратган инъом этган умр кейинчалик қисмат, тақдир, пешона дея изоҳланувчи не-не сўқмоқлардан ўтмайди дейсиз. Аслида эса у СИНОВ. Уни ирода билан қаршилаш, машаққатлар учраганда елкадош бўлиш онг ва жамиятнинг уйғунлигига боғлиқ. Таажжуб, дунёда неча миллиард аҳоли бўлмасин, барчасининг тақдири ўзгача.
Фарғона туманининг Ўрта қишлоғидан бўлган Салимахон Маткасирова оиладаги етти фарзанднинг бири эди. Онаси, отаси, бошқа яқинларидан ажраб қолди. Яхши ҳамки акаси бор экан. Болаликдан кўзи оғрир эди, 8-синфни тугатиш чоғида батамом кўрмай қолди. Балоғат ёши арафасидаги қиз боланинг кўзи ожизлиги камхарж оила ташвишини икки қилди. На чора, тақдир экан дедилар. Орадан йиллар ўтиб Салимахонга ҳам ўз тенгги чиқди. Оила қурдилар. Битта фарзанд дунёга келди. Фалакнинг кажрафторини қарангки салгина қувончли кунлар хам узоқ чўзилмади. Салимахон қўлида ўғли билан бева қолди.


– Энди қаёққа бораман, деган хаёл бутун вужудимни тирнаб ташлаган эди, ўшанда, - дейди у. – Эримдан кейин унинг ота-онасига “кўзи ожиз” ва боқиманда келин керак бўлмай қолди. Ота ҳовлимиздаги тўртта чоғ-чоғ хоналарда акам Абдуқаҳҳорнинг тўрт ўғли оилалари билан яшарди. Бу хоналарда ақалли дахлиз хол йўқ эди. Охир-оқибат ошхонани бўшатиб беришди, менга... Шу ерда ўғлим улғайди, касб-ҳунар коллежини битириб қўшни қишлоқдаги бир фермер қўлида сувчилик қилади, ҳозир. Топганини аранг тирикчиликка етказамиз...



Салимахон яшайдиган ҳовлида улардан ташқари 18 жон, 5 оила бор. Қишлоқда иш ўрни муаммоси тўлиқ ечимини топмаган. Норғулдек 4 йигит оиласи, бола-чақаси, ота-онасини боқаман, деб дуч келган ишни қилаверадилар.
Худодан менга ато этган неъмати – азиз жонимни қайтариб олишини илтижо қилиб сўраган тунлар хам бўлди...
Салимахоннинг ёруғ дунёни бутунлай кўрмай келган қорачиқлари ёшга тўлди. Кейин бир оз сукут қилдида:
Бир куни йиғлаб ётиб ухлаб қолибман, тушимда ҳовлимизга оқ от кириб келиб бошини сарак-сарак қилди, ортидан эргашдим, узоқда бир нурни кўрдим. От юравер ортимдан, дегандек мен томон қараб қўярди. Уйғониб кетдим. Қарангки, шу куни уйимизга ҳокимиятданмиз, деб бир неча одамлар келди. Мен билан суҳбатлашиб кўнглимга далда бериб, президентимиз Шавкат Мирзиёев зориққанларни паноҳига олганини айтишди. Кейин яна бошқалар келишди. Энди мени ишонтиришди. Менга янги қурилган уч хонали уй ажратишибди. Дастлабки тўловини Президент совғаси деб қабул қиласиз, дейишди.





















