Жаҳон | 08:20 / 06.08.2017
7804
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Британия Европа Иттифоқидан чиқиш учун 40 млрд евро тўлашга тайёр

Фото: AP

Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиққандан кейин у олдидаги молиявий мажбуриятларини узиш учун 40 млрд евро тўлашга тайёр. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукуматидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Telegraph нашри хабар бермоқда.

"Буюк Британия Brexit ҳисоби бўйича Европа Иттифоқига 36 млрд фунт стерлинг (40 млрд евро) тўлашга тайёр. Ҳукуматдаги юқори лавозимли мансабдор шахслар биринчи марта аниқ рақам айтилган бу таклиф музокаралар жараёни кириб қолган берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли деган хулосага келдилар", деб ёзди нашр.

Таъкидланишича, Буюк Британия бу суммани агар ЕИ "молиявий тартибга солишни бўлғуси муносабатлар, жумладан савдо ҳақидаги келишувнинг бир қисми сифатида муҳокама қилишга" рози бўлса тўлайди.

Май ойида Британиянинг Brexit бўйича вазири Дэвид Дэвис Лондон ЕИ билан музокаралардан агар Брюссель 100 млрд евро тўлаш талабини сақлаб қолса чиқиши мумкинлигини айтганди. Европа Иттифоқи ҳукумати Буюк Британия Brexit’гача ЕИга аъзолиги доирасида ўз зиммасига олган молиявий мажбуриятларни бажариши кераклигини талаб қилмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, бу қиймат 60 млрд дан 100 млрд еврогачани ташкил қилиши мумкин. Бу орада Буюк Британияга "ЕИдан чиқиш учун ҳисоб" ҳали расман тақдим қилинмаган. 

"Уларнинг позицияси 60 млрд евролигини, бироқ ҳақиқий ҳисоб 50 млрд лигини биламиз. Бизнинг ҳисоб эса 30 млрд га яқин, бироқ оптимал чегара 40 млрд евродир", деб айтган манбалардан бири.

Иккинчи манба Brexit келишуви бўйича якуний сумма 30-40 млрд евролигини тасдиқлаган. Учинчи манбанинг айтишича, Британия бош вазири Тереза Мэй "33 млрд евродан кўпроқ" ҳақ тўлаш ҳақида ўйламоқда.

Мавзуга оид