Лондондаги нейрохирурглар 48 ёшли беморнинг гипофиз ўсмасини реал вақт режимида ишлайдиган сунъий интеллект тизими ёрдамида муваффақиятли олиб ташлади. Бу дунёда биринчи шундай операция ҳисобланади.

Рис Ҳибберт — Бедфордширда яшовчи икки фарзанднинг отаси. 18 ой олдин у кундалик сайр пайтида ҳушини йўқотган ва тутқаноқ тутган эди. Текширувлар гипофизда 11 миллиметрлик яхши сифатли ўсма борлигини кўрсатган. Гипофиз бош суяги асосида жойлашган кичик без бўлиб, ўсиш, моддалар алмашинуви, қон босими ва тана ҳароратини бошқаради.

Ўсма кўриш нервларига босим ўтказа бошлагач, беморнинг ён томонларини кўриш қобилияти пасайган. У тез-тез чарчаш, бош айланиши ва мувозанат йўқолишидан азият чеккан. Жарроҳларнинг айтишича, операциясиз у кўриш қобилиятини бутунлай йўқотиши мумкин эди.

Операция бурун орқали эндоскоп ёрдамида ўтказилди. Ўсма суяк ва зич пардалар ортида яширинган эди, уни тўлиқ олиб ташламаслик эҳтимоли 25–50 фоиз, йирик қон томирини шикастлаш хавфи эса 0,5–2 фоизни ташкил этарди.

Айнан шу ерда сунъий интеллект ёрдамга келди. Иккинчи экранда тизим операцияни реал вақтда таҳлил қилди, жарроҳлик асбобларини кузатди, яширин қон томирлари ва нервлар жойлашган жойларни белгилади ҳамда ўсмани хавфсизроқ олиб ташлаш мумкин бўлган ҳудудларни кўрсатди. Тадқиқотчилар технологияни юзлаб шу каби операциялар видеоси орқали ўргатган.

Операцияни Лондон Университет коллежи (UCL) мутахассислари профессор Ҳани Маркус ва Даниал Хон Неврология ва нейрохирургия миллий шифохонасида ўтказди. Тизим фақат маслаҳатчи вазифасини бажарди, якуний қарорларни эса жарроҳлар қабул қилди.

Ҳибберт операциядан кейин кўзларини очганида кўриш қобилияти тўлиқ қайтганини ҳис қилганини айтди. Саккиз ҳафта ичида кўриш яхшиланаётгани, куч-қувват қайтгани ва олдинги шикоятлар йўқолганини таъкидлади: «Бу менга ҳаётимни қайтарди».

Лойиҳа Британия Миллий соғлиқни сақлаш тадқиқотлари институти (NIHR) ва Google томонидан молиялаштирилган. Ҳозир олимлар кенг кўламли клиник тадқиқотга тайёрланмоқда. Узоқ муддатда улар жарроҳлар учун «операция хонасидаги ChatGPT» яратишни режалаштирмоқда — керак бўлса маслаҳат берадиган, лекин барибир шифокор розилигини талаб қиладиган тизим.

Ҳибберт биринчи бемор бўлишга розилик берганини шундай изоҳлади: «Агар беморлар тадқиқотларда қатнашмаса, шифокорлар қандай ўрганади ва тиббиёт қандай ривожланади?»