Жорий йилнинг 5 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг VIII Пленуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Матбуот хизмати Кун.uz’га маълум қилди.

Очиқ мулоқот тарзидаги пленумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, партиянинг Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар, Тошкент шаҳар вакиллари билан биргаликда, илк бора партиянинг 194 та туман ва шаҳар кенгашлари раҳбарлари ҳам қатнашдилар.

Мақсад - Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузаcидан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар, уларни амалга ошириш механизмларини белгилаб олиш, шунингдек, партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари раҳбарлари билан жойлардаги ҳақиқий ҳолат юзасидан очиқ фикр алмашишдан иборат бўлди.

Сиёсий партиялар ва парламент фаолиятининг танқидий-таҳлилидан сўнг ўтган вақт мобайнида партиянинг раҳбар ва масъул ходимлари томонидан жойлардаги ҳолат, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг фаолиятидаги камчиликлар танқидий ўрганилиб, дастлаб, партиянинг маҳаллий ва минтақавий ташкилотлари Ижроия қўмиталари йиғилишларида муҳокама қилинди. Пленум кун тартибидан ана шу ўрганишлар сарҳисоби юзасидан ҳам масалалар муҳокама қилинди.

Партия раҳбари, аввало, Президент томонидан сиёсий партияларнинг фаолиятига нисбатан билдирган танқидий фикрлардан хулоса чиқариш лозимлиги, ҳақиқатан партия фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар, хусусан, партия Сайловолди дастуридаги ваъдаларни бажариш, партия электорати бўлган пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, ногиронларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, “Мурувват”, “Саҳоват”, “Меҳрибонлик” уйлари фаолиятини янада сифатли ташкил этиш, шунингдек, пенсионерларни дори-дармон билан таъминлаш бўйича кутилган натижаларга эришилмаганини таъкидлади.

Йиғилишда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўриш ҳамда энг муҳим, энг долзарб ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича партиянинг позициясини мунтазам равишда ўз вақтида билдириб бориш партия олдида турган энг муҳим устувор вазифа эканлигига эътибор қаратилди.