“Ўзагролизинг” АЖ собиқ бошқарув раиси Нодир Отажонов жиноий жазога тортилгани маълум бўлди. У билан бирга “Inter Agromash” МЧЖ таъсисчиси Хайдар Абдушукуров ҳам судланган. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Режа

Суд ҳужжатида келтирилишича, Нодир Отажонов 2020 йил 24 ноябрдан 2025 йил 8 апрелга қадар “Ўзагролизинг” АЖ бошқарув раиси лавозимида ишлаган. У Хитойда ишлаб чиқарилиб, илгари ишлатилган қишлоқ хўжалиги техникаларини Ўзбекистонга гўёки янги техника сифатида импорт қилиш режасини тузган. Бу орқали божхона тўловлари бўйича имтиёзга эга бўлиш ва техникаларни лизинг шартномалари асосида маҳаллий фермерларга ҳақиқий қийматини оширган ҳолда сотган ҳолда даромад орттиришни кўзлаган.

Млн долларлик “улуш”

Нодир Отажонов 2024 йил баҳор ойларида Хитойнинг “Xingiang boshiran Intelligent Agricultural Machinery Co.Ltd” компанияси вакиллари билан норасмий алоқа ўрнатган. Уларга аввал фойдаланилган ва қиймати арзон бўлган 3 қаторли 100 дона пахта териш комбайнини 2 қаторли “4МZ-2A” русумли янги комбайн кўринишида қайта таъмирлаб, ҳар бирини 80 минг доллардан Ўзбекистонга етказиб беришни таклиф қилган.

Улар бу таклифга рози бўлса комбайнларни импорт қилиш юзасидан шартнома имзоланиш мажбуриятини ўз зиммасига олиши эвазига шартнома умумий қийматининг 15 фоиз миқдорида ўзига улуш ажратилиши хусусида оғзаки келишган.

Аммо Нодир Отажонов пахта териш комбайнларини тўғридан-тўғри “Ўзагролизинг” АЖга импорт қилиш ваколатига эга эмасди. Буни яхши англаган бошқарув раиси ўзига аввалдан таниш бўлган “Inter Agromash” МЧЖ раҳбари Хайдар Абдушукуровни шерик қилади. Яъни, унга ўзининг режасини айтади.

Шу тариқа улар Хитой компанияси томонидан қайта таъмирланган пахта териш комбайнларини МЧЖ номига импорт қилиб, лизинг шартномалари асосида маҳаллий фермерларга қиммат нархда сотишни ҳамда божхона имтиёзлари ва сотувдан тушган фойдани ўзаро тақсимлаб олиш юзасидан тил бириктирган.

Навбатдаги қадам

Хайдар Абдушукуров режага асосан ва Нодир Отажоновнинг йўриқлари асосида 2024 йил 5 июлда ўз раҳбарлигидаги МЧЖ номидан тижорат таклифи тайёрлаб, “Ўзагролизинг”га юборган. Тижорат таклифида ҳар бирининг қиймати 80 минг доллар бўлган “4МZ-2A” русумли 100 дона янги пахта териш комбайнини маҳаллий фермерларга 1 млрд 650 млн сўмдан етказиб бериш баён этилган. Аммо бу комбайнлар аслида эски ва қайта таъмирланган, қолаверса, 3 қаторли 76 см оралиқ схемадан 2 қаторли 60 см оралиқ схемага ўзгартирилган бўлган.