1 август куни Ўзбекистондаги барча ОТМларда тест имтиҳонлари бўлиб ўтди. Давлат тест маркази берган маълумотга кўра, 1 август куни 59 олий таълим муассасалари ва уларнинг 12 та филиалида қабул тест синовлари ўтказилди.

Жорий йилда олий таълим муассасаларига 729 947 (2016 йилда – 663 304) нафар абитуриент ҳужжат топширган, шулардан 7 725 (2016 йилда – 7 521) нафари муддатли ҳарбий хизматни тугатган ҳарбий имтиёзга эга абитуриентлардир.

Xushnudbek.uz сайти тест имтиҳонларида неча балл олганидан қатъи назар ҳар қандай ҳолатда ҳам давлат гранти асосида қабул қилиниши аниқ бўлган абитуриентлар ҳақида маълумот берди.

Улар фан олимпиадалари ғолиблари ёки “зулфиячилар” эмас. Гап квоталар сони бўйича конкурсда.

ДТМ берган маълумотга кўра, жорий йилда ўртача танлов 1 ўринга 11,0 (2016 йилда – 11,05) тани ташкил этди. Лекин шундай айрим ОТМлар борки, улардаги танлов бирга бир бўлган. Яъни нечта квота ажратилган бўлса, шунча абитуриент ҳужжат топширган. 

Жорий йилда нафақат тиббиёт йўналишлари, балки қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам мақсадли қабул жорий этилган. Аммо бу ҳақида деярли ҳеч қаерда айтилмади, ҳеч қаерда эълон қилинмади. Натижада кўпчилик бундан бехабар қолди. Аҳолидаги ушбу бехабарлик тўлқини топширилган ҳужжатлар сонига ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг “Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларнинг техник сервиси” йўналиши бўйича Хоразм ва Фарғона вилоятлари учун 1 тадан давлат грантида ўрин ажратилган бўлиб, шу йўналишга Хоразмдан 1 нафар, Фарғонадан 1 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу дегани ушбу иккала абитуриент тестда неча балл олишидан қатъи назар давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади. Чунки уларнинг бошқа рақобатчиси йўқ. Худди шундай ҳолат Ирригация институтининг яна 8 та йўналишларида ҳам учрайди.

Таълим рус тилида олиб бориладиган 10 та йўналишларда ҳам шундай ҳолат учрайди. 

Бундайлар Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг “Зоотехника (Андижон)” ва “Касб таълими: қишлоқ хўжалигида менежмент (Фарғона)” йўналишларида ҳам бор.

Тошкент давлат аграр университетининг “Агрокимё ва агротупроқшунослик” йўналишида Андижон вилояти учун давлат гранти асосида ажратилган 1 та ўринга ҳам атиги 1 нафар ўта омадли абитуриент ҳужжат топширган.