Глобаллашув жараёнида замонавий коммуникация, логистика марказларини ҳамда турли хабларни ривожлантириш минтақа ва жаҳон тараққиётининг муҳим омилларидан ҳисобланади.

Бугунги кунда ишончли транспорт-коммуникация йўлаклари тизими мавжуд эмаслиги давлатлар равнақига, шу жумладан, Марказий Осиёнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, минтақа мамлакатларининг дунё иқтисодиётига интеграциялашувига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай шароитда жаҳоннинг йирик бозорларига олиб чиқадиган кўп қиррали транспорт-коммуникация тармоқларини шакллантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга.

Марказий Осиёнинг юраги бўлмиш Ўзбекистон минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга улкан ҳисса қўшмоқда. ­Юксак салоҳияти, жадал ўсаётган иқтисодиёти билан юртимиз минтақавий транспорт инфратузилмасини шакллантиришда ­муҳим ўрин тутади.

Қадимда Буюк Ипак йўли айнан кўҳна шаҳарларимиз орқали ўтиб, Шарқий Осиёни Ўрта Ер денгизи минтақаси билан боғлаган, ушбу ҳудуд аҳолиси фаровонлиги, маданий-гуманитар алоқаларини мустаҳкамлашда етакчи роль ўйнаган.

Бугунги кунда Буюк Ипак йўлини тиклаш ғоясининг амалий рўёби катта имкониятлар эшигини очади. Бу ғоя тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашга, иқтисодий ўсиш ва аҳоли турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган “Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши”ни ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу “Бир макон, бир йўл” концепциясининг ажралмас қисмидир.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз ичида транспорт-инфратузилма коммуника­цияларини ривожлантириш, транзит йўлаклари тизимини яратиш, мавжуд йирик ­халқаро ҳамда истиқболли бозорларга олиб чиқадиган янги ва самарали йўналишларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллий иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини оширишда транспорт-логистика инфратузилмасини равнақ топтириш учун фаол инвестициявий сиёсат олиб бориш муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шу нуқтаи назардан, “Бир макон, бир йўл” лойиҳасида иштирок этиш мамлакатимизнинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришда катта ­имконият яратади.

Давлатимиз раҳбари Пекин шаҳрида ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумидаги нутқида Марказий Осиёни Хитой ҳамда Россия орқали Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очиш бўйича ҳамкорлик юзасидан комплекс ҳаракатлар ­дастурини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш аҳамиятини алоҳида қайд этди.