Facebook ижтимоий тармоғининг "Ўзбекистонда туғилмаган ўзбеклар" гуруҳида Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ хат чоп этилди. Қуйида мактуб матни ҳавола этилади.

"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жанобларига! 

Ҳурматли, Шавкат Миромонович! Биз ўзбекистонлик бўлмаган дунё ўзбек ёшлари сизга мурожаат қилмоқдамиз! Ўтмишимиздан маълумки, Оқпошшо ва совет босқинининг аянчли даврлари, террор балоси, Афғонистон ва Покистондаги урушлар ҳозирда 50 миллиондан ортиқ Ўзбек миллатини ҳар ерга парчалаб юборди! Бугунимизда Ўзбекистондан ташқарида 20 миллиондан ортиқ ўзбек миллатига мансуб инсонлар яшамоқдалар. Ҳурматли Юртбоши! Афғонистон ва покистонлик ўзбекларимизнинг аҳволи ҳавас қиладиган даражада эмас. Ўзингизга маълумки, Афғонистондаги ва Покистондаги террор балолари, урушлар Афғонистон ва Покистон ўзбекларини дунё ўзбекларидан анча вақтга узиб қўйганди. Тангрига шукур, Ўзбекистонимиз ҳам эркинликка эришиши билан дунё ўзбекларига ёрдам қўли чўзила бошланди, хусусан Афғонистонда Ўзбекистон номидан мактаблар қуриб берилди, Қирғизистонда эса сизнинг буйруғингиз билан Ўзбекистон ҳукумати Ўш шаҳрида ўзбекларга мактаб қуриб бермоқда - биз бундан миннатдормиз!

Жаноб Юртбоши! Шукур охирги пайтларда дунё ўзбеклари бир-бирини изламоқда, қайтадан алоқаларни тиклашмоқда. Дунё ўзбекларининг яқинлашишида албатта 1996 йили Ўзбекистоннинг биринчи Президенти томонидан Лотин алифбоси расман қабул қилиниши асосий рол ўйнади! Биз Лотин ёзуви орқали ота юртимиз Ўзбекистон билан қайта боғлана олдик! Мана шу хайрли иш туфайли лотин алифбоси жорий бўлгандан кейин қайтадан маданий алоқалар, Ўзбекистондан бошқариладиган онлайн порталлар ва кутубхоналар туфайли тикланди, Афғонистондаги 10 миллионга яқин ва бошқа давлатлардаги ўзбекларда тил ва ўзликни кучайтириш учун янги умид туғилди, ҳар куни юздан ортиқ афғонистонлик ўзбеклар лотин алифбоси туфайли ўзларининг она тилига бўлган чексиз севгиси ва талаби туфайли мана шу онлайн кутубхона ва онлайн порталлардан фойдалана бошлашди.

Биз Ўзбекистонда туғилмаган ўзбеклар куни кеча ўзбекистонлик бир адабиётшунос "кирилл ёзувига қайтайлик" деган очиқ хатни сизнинг қабулхонангизга юборганини эшитиб, ҳақиқатан яна маънавий алоқамиз узилади деган хавотирга бордик. 

Жаноб Президент! Афғонистонда ўзбек тили таълим тизими "0" фоизга тенглиги сабаб араб ва форс тилларига қоришиб йўқ бўлиб кетиш арафасида қолган пайтда биз лотин ёзуви билан интернет ресурслари орқали Ўзбекистон ва бошқа ерлик ўзбеклар билан алоқани тикладик, тилимизни ҳам мана шу интернет орқали қайта ўрганмоқдамиз! Лотин ёзувидаги электрон китоблар билан буюк аждодларимиз асарларини ўқиб бормоқдамиз!