Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-3201-сон қарори 14 августда қабул қилинди.
Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, шу соҳада меҳнат қилаётган, ўзининг бадиий, ижтимоий-сиёсий руҳдаги ижодий асарлари билан халқимиз маънавиятини юксалтириш, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган шоир ва ёзувчилар, рассомлар, маданият ва санъат ходимлари, журналистлар меҳнатини рагбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш мақсадида:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари шаҳарларда барпо этиладиган кўп квартирали арзон уйлар ҳамда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган арзон уй-жойларга муҳтож фуқаролар рўйхатини белгиланган тартибда шакллантиришда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзолари ва ходимлари, жумладан, ушбу соҳалардаги истеъдодли ва истиқболли ёшларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжи инобатга олинсин.
2. Қуйидагилар:
Илм-фан, адабиёт ва санъат асарлари нашр этилгани учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари - 1-иловага мувофиқ;
оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик, адабий асарлар яратиш бўйича буюртмаларни бажаргани учун, ҳайкалтарошлик асарлари, тасвирий санъат асарлари яратгани, бадиий лойиҳалаштириш ва конструкциялаш ишлари учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари, шунингдек, ушбу пул Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланганида унинг энг юқори ставкалари - 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, телевидение ва радио каналлари орқали бериладиган материаллар учун ҳақ тўлашнинг энг кам ставкалари - 3-иловага мувофиқ;
кинофильмлар учун адабий сценарийлар, оригинал мусиқа ва қўшиқлар матнини яратгани учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари - 4-иловага мувофиқ;
кинофильмлар учун маслаҳатлар бериш бўйича мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлашнинг энг кам ставкалари - 5-иловага мувофиқ;














