Европа ва Америка расмийлари Қўшма Штатларнинг сўнгги тинчлик ташаббуси Россия президенти Владимир Путин билан музокараларда ҳеч қандай натижа бермаганини тан олиб, Россиянинг Украинага қарши уруши келгуси йилда ҳам давом этади деган хулосага келди. Вазиятдан хабардор европалик амалдорларнинг Bloomberg нашрига маълум қилишича, Россия президенти Украинага қарши кураш ва Киев иттифоқчиларининг қатъиятини синаб кўриш учун қиш давомида ҳужумларни «кучайтиришни режалаштирмоқда».

«Президент Доналд Трампнинг элчилари Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф Москва ва Киевда бўлиб ўтган музокараларда сезиларли ютуқларга эриша олмадилар», - деб маълум қилди расмийлар.

Шу билан бирга, Кремлнинг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Путин ва Трамп 8 сентябр куни бир соатлик телефон суҳбати чоғида элчилар ташрифи натижалари бўйича «конструктив ва етарлича очиқ» муҳокама ўтказган. Унинг сўзларига кўра, улар алоқада қолишга келишиб олишган.

Расмийларнинг таъкидлашича, АҚШ яқинда Москвага боши берк кўчага кириб қолган тинчлик музокараларини қайта бошлаш учун янги ғоялар зарурлиги ҳақида хабар берганига қарамай, Путин ўз позициясини «юмшатиш аломатларини кўрсатмаган».

Ўз навбатида, суҳбатдошлардан бири Россиянинг келгуси олти ойлик режаси тинч аҳоли ҳаётини чидаб бўлмас ҳолатга келтириш учун Украинанинг энергетика ва иссиқлик инфратузилмасига ҳужумларни кучайтириш, шунингдек, Киевни қўллаб-қувватлашга путур етказиш учун Европада гибрид ҳужумлар ва сиёсий аралашувларни кучайтиришдан иборат эканлигини айтди.

«Биз узоқ давом этадиган можарога ва Украинанинг эҳтиёжлари келгуси ойлар ва йилларда ҳам сақланиб қолишига тайёр бўлишимиз, шунингдек, бошқа эҳтимолий кутилмаган вазиятларга ҳам тайёр бўлишимиз керак», - деди 8 сентябр куни Украина мудофаа масалалари бўйича алоқа гуруҳи йиғилишида АҚШ мудофаа вазирининг сиёсат бўйича ўринбосари Элбриж Колби.

Суҳбатдошлардан бирининг айтишича, Путин Америка элчиларининг ташрифидан 18-20 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган Россия Давлат Думасига парламент сайлови олдидан мамлакат ичкарисида куч намойиш этиш учун фойдаланган.

«У Америка делегациясини Кремлда учрашишдан олдин кечгача кутишга мажбур қилди, шу сабабли Уиткофф ва Кушнер Путиннинг элчиси Кирилл Дмитриев билан Москва марказидаги қимматбаҳо ресторанда бир неча соатлик тушлик қилишга мажбур бўлишди», - деб қўшимча қилди суҳбатдош.

Нашр манбаларининг таъкидлашича, АҚШ, Россия ва Украина вакиллари ўртасидаги уч томонлама музокаралар Давлат Думасига сайловдан кейин қайта бошланиши мумкин, гарчи бундай муҳокамалар тинчлик битими тузиш жараёнига «сезиларли таъсир кўрсатиши даргумон».