Вазирлар Маҳкамасининг 31.07.2017 йилдаги 561-сон «Фуқаролар вакилларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Янги ҳужжатга кўра, фуқаролар вакили — бу фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар томонидан белгиланган вакиллик нормаси асосида фуқаролар йиғини ҳудудидаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолисининг умумий йиғилишларида сайланган ва улар номидан фуқаролар йиғинида фаолият олиб борадиган ҳамда манфаатларини ифодалайдиган Ўзбекистон фуқароси.
 
Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун тузилган ишчи гуруҳ фуқаролар вакилларининг сайловини ташкил қилиш ва ўтказиш учун масъул ҳисобланади.
 
Ишчи гуруҳ фуқаролар вакилларининг сайловини ташкил этиш ва ўтказишда тегишли ҳудуддаги фуқаролар йиғини кенгаши билан ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб боради, фуқаролар йиғинидаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолиси умумий йиғилишини ўтказиш жойи, куни ва вақтини белгилайди ҳамда уни ўтказишдан камида 3 кун олдин бу ҳақда тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилади.
 
Фуқаролар вакилларига номзодлар аҳоли умумий йиғилиши томонидан кўрсатилади ҳамда тегишли ҳудудлар аҳолиси томонидан очиқ овоз бериш орқали сайланади.
 
Фуқаролар вакилларига номзодлар:

•  18 ёшга тўлган бўлиши;
•  тегишли ҳудудда доимий яшаши;
•  обрў-эътиборга, ҳаётий тажрибага эга бўлиши даркор.
 
Аҳоли умумий йиғилишида иштирок этган фуқароларнинг оддий кўпчилик овозини олган номзод фуқаролар вакили сифатида сайланган ҳисобланади.
 
Фуқаролар вакиллари ваколат берган қўшнилар номидан овоз беришга ҳақли. Инчунун, фуқаролар йиғинини чақиришнинг имкони бўлмаган тақдирда фуқаролар йиғини кенгаши фуқаролар вакилларининг йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Фуқаролар вакилларининг йиғилиши унда ушбу вакилларнинг камида 2/3 қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Йиғилишни олиб бориш учун раёсат сайланади. Фуқаролар вакилларининг йиғилиши тегишли баённома билан расмийлаштирилади.