Жорий йилнинг 18 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан брифинг ўтказилди. Унда журналистларга Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган бир қатор муҳим қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамалари якуни ва қонун лойиҳаларида партия позициясининг ифодаланиши бўйича ахборот берилди.
Брифингни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Н.Умаров олиб борди.
Таъкидланганидек, энг долзарб қонун лойиҳалари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг қуйи тузилмаларида, жумладан, бошланғич ташкилотлари фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, экспертлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамадан ўтказилди. Олинган таклифлар асосида ишлаб чиқилган партия сайловолди дастури ва электорат манфаатларини ифодаловчи аниқ позициялар фракция йиғилишида илгари сурилди. Ушбу таклифлар парламент қуйи палатасининг муҳокамасида бўлган қонун лойиҳаларини маромига етказишда ҳисобга олинди.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказиб, қабул қилишда фракция аъзолари алоҳида жонбозлик кўрсатдилар. Депутатлар томонидан инсон ҳуқуқлари устуворлигидан келиб чиқиб, тадбиркорларни ҳам, аввало, инсон сифатида ҳимоя қилиш мақсадида, ўта муҳим қоиданинг қонунда акс этишига эришилди. Яъни тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ҳуқуқлари акс этган қонуннинг 8-моддасига тадбиркорларни ҳимоя қилиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари – иқтисодий жиноятлар бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкум бўлса, улар билан учрашиш учун жазони ижро этиш муассасасига монеликсиз кириш ҳуқуқини кафолатловчи қоида киритилди.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, уни халқчил ва мукаммал бўлишини таъминлаш мақсадида бир қатор позицион таклифлар билдирилди. Ушбу таклифлар қонун ташаббускорлари томонидан тўлиқ қабул қилинди. Жумладан, фракциянинг қонун лойиҳаси таъсир доирасини кенгайтиришга доир таклифи инобатга олиниб, маҳалла институтига ҳам ушбу қонун талаблари мажбурийлиги белгилаб қўйилди.
Қонун лойиҳасининг биринчи ўқувга тақдим этилган таҳририда мурожаатларнинг шакллари аниқ белгилаб берилмаганлиги фракция аъзолари томонидан асослантирилгани боис қонун лойиҳасига мурожаатларнинг шаклларини, яъни мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда бўлиши мумкинлиги ҳақида янги норма киритилишига эришилди.
“Болаларни уларнинг соғлиғига ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомилига етказиш юзасидан фракция томонидан берилган таклифларнинг ҳам аксарияти инобатга олинди. Хусусан, қонун лойиҳасининг 3-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, қонуннинг амал қилиши илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд маданий аҳамиятга эга бўлган бошқа ахборот маҳсулоти айланиши соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмаслиги белгиланди.















