Барак Обама АҚШ президенти лавозимини тарк этганига бир неча ой бўлганига қарамай, бутун дунё журналистлари ва шунчаки оддий фолловерлар унинг ҳаётини кузатишда давом этишмоқда. Собиқ президент ҳам ўз микроблогини юритишда фаол. Унинг 13 август кунидаги пости Twitter тарихида "лайклар" сони бўйича рекорд даражани қайд этди. "Life" нима учун твит миллионлар меҳрини қозонгани ва яна кимларнинг пости тарихга киргани хусусида маълум қилади.
Барак Обама ва 4,2 миллион "лайк"

Обама деразадан қараб турган болаларга кулиб турган таъсирли сурат сўзсиз миллионлаб кишилар қалбини забт этди. Бутун дунё бўйлаб урушлар, миллий маршлар ва ирқчилик авж олган бир пайтда бу пост жуда кучли аҳамият касб этади, зеро унда дунёда шу қадар адолатсизликлар борлигини тасаввур ҳам қила олмайдиган турли ирқдаги болалар тасвирланган. "Ҳеч ким инсоннинг тери ранги, унинг ўтмиши ёки дини сабаб унга нафрат билан туғилмайди", - деб ёзади Американинг собиқ президенти.
Ариана Гранде ва Манчестердаги теракт

Тарихдаги иккинчи энг машҳур твит яна бир фожиага бағишланган. Ариана Гранденинг портлаш қайд этилган Манчестердаги концертидан кейин қўшиқчи қуйидаги мазмунда твит қолдирди: "Вайрон бўлдим. Қалбимнинг туб-тубидан ўз таъзиямни изҳор қиламан. Тил ожиз". Эслатиб ўтамиз, концерт вақтида содир этилган терактда 22 киши ҳалок бўлган.
Эллен Деженерес ва юлдузлар

Ушбу твит муаллифи — америкалик машҳур актриса ва телебошловчи Эллен Деженерес бекорга унинг остида "Дунёдаги энг зўр расм" деб изоҳ қолдирмаган. Дарҳақиқат, ҳар қандай суратда ҳам бу қадар кўп юлдузларни учратавермайсиз: Мерил Стрип, Жулия Робертс, Брэд Питт, Брэдли Купер, Анжелина Жоли, Жаред Лето, Кевин Спейси, Женнифер Лоуренс, Ченнинг Татум ва Люпита Нионго. Аслида Эллен фақат Мерил Стрип билан суратга тушмоқчи бўлган, бироқ кутилмаганда "Оскар-2014" маросимининг бошқа меҳмонлари югуриб келишган ва бу энг яхши селфи сифатида эътироф этилган. "Брэдли Купернинг қўллари узунроқ бўлганида эди", - дея афсусланади телебошловчи.


















