Ёдгор Саъдиев ўзбек кино ва театр санъатининг дарғаларидан. Айниқса, ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асари орқали суратга олинган шу номдаги фильмда ижро этган Асадбек роли орқали кўплаб томошабинлар меҳрини қозонган. KUN.UZ таҳририяти Ўзбекистон давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, устоз санъаткор Ёдгор Саъдиев билан суҳбатлашди.

Бугунги кундаги ижодий жараён

Шу йилнинг 3 август куни Президентимиз Ўзбекистоннинг маданият ва санъат соҳасидаги зиёлилари билан учрашув ўтказди. Бу жуда фойдали учрашув бўлди. Менга энг ёққани, Президентимиз 4,5 соатга яқин маданият ва санъат, адабиёт, мусиқа соҳасида бўлаётган жараёнлар ҳақида гапириб, бунинг орасида камчиликларни ҳам рўйи-рост айтиб ўтдилар. Яхши отга бир қамчи, деганларидек, биз билдик-ки, маданият, санъат, адабиёт соҳасида ҳам ижодкорлар бироз уйқуда эканликларини яна бир бора эслатиб ўтдилар. Ўша кунги учрашувдан сўнг, кўтаринки руҳда ишлаяпмиз. 

Ижод аҳли нима сабабдан мудраб қолганди?

Қандайдир хотиржамликка озгина қадам ташлаб, ўтиб олгандик. Ҳаммаси яхши эди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қилган ишлари – бу беқиёс ишлар. Кўп иш қилинганлиги ҳам одамларни бироз хотиржамликка олиб келди. Йўқ, буни тўхтатиш керак эмас, деяпти бугунги Президентимиз. Ўзбекистон келажаги буюк, деган ғояга Ислом Абдуғаниевич тамал тошини қўйиб берган бўлса, буни охирига етказишимиз керак. Бунинг учун ёшларимизга кўпроқ эътибор беришимиз керак, маънавиятини, маърифатини, онгини кучайтиришимиз керак.  

Ёшлар ҳақида

Ёшларнинг маънавиятидан айрим ҳолатлардан ташқари қониқаман. Ёшларнинг қизиқувчанлиги, интилувчанлиги менга ёқади. Уларнинг аксарияти билимга, илмга талпинувчилар. Мен ёшларни ўзи яхши кўраман, лекин баъзи бир қилиқларида қуюшқондан чиқиб кетаман. Буни мен дарҳол кесиб ташлашга ҳаракат қиламан. Чунки у илдиз отиб кетиши керак эмас. Уларнинг театрга қизиқиши ҳам яхши, сўнган эмас. Энг кераклиги, театрда профессионаллик бўлса, ёшлар келади. Сабаби улар фарқига боради. 

Театрнинг бугунги савияси

Мен танқид қилиш ёки бирон бир асарни камситишдан йироқман. Мен ҳам кўпчилик қизиққан “Барон” фильмини кўрдим. Очиғини айтсам, у фильм бу жанрда кассабоп қилинган. Агарда олиб фильмни биттадан қараб чиқадиган бўлсак, баъзи бир жойларида мантиқсиз ерлар ҳам бор. Рекламаси ярим йил аввал бошланди. Ҳозир ёшларимиз бунга ҳам кўп эътибор беради. Театрларда қўйилмоқчи бўлган спектаклларни телевидениеда реклама қилиш мўлжалланмоқда. Театрлар унча кўп реклама қилинмайди. Кўп нарса рекламага ҳам боғлиқ бўлиб қолди. Кейин рекламада кўпиртириб қилинган нарса бориб кўрганингиздан сўнг “Эйй” дейдиган фильмлар ҳам бор. Мен “Барон” тўғрисида айтаётганим йўқ.