Тожикистон бозорларидаги Хитойда ишлаб чиқарилган кенг истеъмол моллари яқинда ўз ўрнини «Made in Uzbekistan» бренди остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўшатиб бериши мумкин, дейишмоқда маҳаллий таҳлилчилар.

Душанбелик Ниёзмад Ҳабибов хитойликларнинг маҳсулотидан кўра ўзбекларникини маъқул кўради.

«Яқинда мактабга борадиган ўғлимга «Made in Uzbekistan» бренди остида ишлаб чиқарилган костюм харид қилган эдим ва жуда ҳайратда қолдим. Нархи Хитой моли билан бир хил, лекин сифати жуда фарқланар экан», дейди Ниёзмад.

Унинг сўзларига кўра, у илгари фарзандларига хитойликлар ва турклар томонидан ишлаб чиқарилган кийимларни харид қилиб келган, бироқ улар тезда титилиб, янгисини олишга мажбур бўларди.

Ишбилармон Шамсиддин Турдиевнинг айтишича, Европада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилишга қурби етмайдиганлар аллақачон ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларидаги устунликни пайқашган. Унинг сўзларига кўра, харидорлар кўпроқ «Artel» компанияси маҳсулотларига қизиқиш билдиришмоқда.

«Бу фирма маҳсулотларининг нархи «чақиб» олмайди, сифати эса аъло даражада», дейди Шамсиддин.

Сўнгги 20 йил ичида Тожикистон бозорларини Хитой, Туркия ва Қирғизистондан келтирилган маҳсулотлар тўлдириб ташлаган эди. «Made in Uzbekistan» бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кўп қисми Ўзбекистон корхоналари ва компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган 1500дан ортиқ турдаги маҳсулотларнинг Тожикистондаги кўргазма-ярмаркасидан сўнг пайдо бўлган. Душанбедаги «Пойтахт-90» савдо мажмуасида Ўзбекистоннинг тракторлари ва пахта териш комбайнлари, енгил ва юк автомобиллари, автобуслари, шунингдек, енгил, фармацевтика, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари намойиш этилган эди.

Бу кўргазмадан сўнг тез орада Душанбеда «Ravon» автосалони очилди ва у ерда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган R2, R4, Gentra, Nexia R3, Damas ва Labo мини юк машинаси тожикистонлик харидорларга тақдим этила бошланди. Автосалон директори Фаррух Замоновнинг айтишича, Душанбега дастлабки партияда 56та автомобиль келтирилган ва уларнинг 40таси аллақачон сотиб бўлинган. Унинг сўзларига кўра, харидорларга автомобилларнинг нархи (6700 доллардан 12500 долларгача), сифати ва замонавий хавфсизлик талабларига жавоб бера олиши маъқул келмоқда. Тожикистонга янги автомобилларни олиб киришда божхона божлари ставкаси пасайтирилиши «Ravon» автомобилларини ишлаб чиқарувчи заводдан тўғридан-тўғри бир-икки кун ичида олиб кириш имкониятини яратади, дейди Фаррух Замонов.

Ўтган ойда Тожикистон савдо-саноат палатаси раҳбари Шариф Саид Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида шу йилнинг январь-май ойлари оралиғида Тожикистон Ўзбекистонга 20 млн. 617 минг долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилганини айтиб ўтган эди. Шу вақт оралиғида Ўзбекистоннинг Тожикистонга экспорти эса 25 млн. 681 минг долларга тенг бўлган. Ўзбекистон Тожикистонга асосан буғдой, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналари етказиб берган.