Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафотига бир йил тўлиши арафасида унинг қизи Лола Каримова-Тиллаева Facebook’даги саҳифаси орқали дугонаси Оқила Тоированинг хотираларини улашди.

«Мен учун жуда шахсий бўлган ушбу ҳикояни сизга ҳавола этмоқчиман, чунки бир йил аввал айнан шу кунда барча ўзбекистонликларга таъсир этган, отамнинг соғлиқлари билан боғлиқ қайғули воқеалар бошланган эди.

Мен падари бузрукворим, Ўзбекистоннинг биринчи президенти ҳаётининг сўнгги кунлари тафсилотлари билан бўлишмоқчиман. Бу хотиралар мана 20 йилдан ортиқроқ вақт давомида менга қадрдон бўлган инсон томонидан ёзилган. Ўша оғир кунлар, мен тамомила қайғуга ботган дамларда, дугонам отам ҳаётларининг сўнгги кунлари тафсилотлари бизлар учун кейинчалик катта аҳамиятга эга бўлишини англаб қоғозга туширган эди», — деб ёзади Каримова-Тиллаева.

Фото: Facebook / Лола Каримова-Тиллаева

Сўнг у дугонасининг ҳикоясини келтиради:

«Президентимиз билан уларнинг ҳаётликларида учрашиб, суҳбатлашишга муваффақ бўлмаганман. У кишини талабалик давримда — 90-йилларнинг ўрталарида спорт мусобақаларининг очилиш маросимларида бир-икки маротаба узоқдан кўрганман.

Аммо, Худонинг хоҳиш ва иродаси билан, уларнинг ҳаётларини сўнгги соатларида ёнларида бўлиш менга насиб этган.

То 31 август оқшомига қадар уларнинг ҳаётларини сақлаб қолиш мумкин деган умид учқуни барчамизнинг юрагимизда бор эди. Бироқ, умид йўқлиги аён бўлгач, мен шундай оғир кунларда ўз яқин дугонамнинг ёнида бўлиш ҳамда унга далда бериш учун 1 сентябрь куни Тошкентга учиб келдим. Бўлиб ўтган воқеалар менга шу қадар қаттиқ таъсир кўрсатдики, мен Париждан бир инсон бўлиб кетиб, тамомила бошқа инсон бўлиб қайтдим.

Мен Тошкентга пайшанба, 1 сентябрь куни кечга томон етиб келдим ва 2 сентябрь куни эрталаб касалхонага йўл олдим. Президентимизнинг рафиқалари, қизлари Лола ва Лоланинг тўнғич қизи Марям мана бир неча кундирки касалхонада уларнинг олдиларидан бир зум ҳам кетмасдан турар эдилар.

2 сентябрь тонгги соат 9:00 да Ўзбекистоннинг ОАВ орқали президентимизнинг аҳволлари оғирлашгани ҳақида хабар берилди (Шу ўринда айтиб ўтмоқчи эдимки, президентнинг оила аъзолари халқни юртбошимиз соғлиғидан бевосита хабардор қилиб бориш кераклигини қатъиян таъкидлашди ва айнан уларнинг илтимосларига кўра, юртбошимиз вафотининг сабабларини кўрсатувчи тиббий хулоса эълон қилинди).