16:34 / 28.08.2017
18280

Келажакда пулларни иқтисод қилиб қолиш учун 7та харид рўйхати

Фото: Twitter

Ақлли харид - ёруғ келажак учун қўйилган илк қадам ва ўз вақтида инвестиция. Ақлли харид орқали сотиб олинган маҳсулот ёки хизматларнинг сизга узоқ йиллар фойдаси тегишидан ташқари, фурсат ўтгани сари улар ўзининг тан нархини тўлиқ оқлайди. Маош олиш вақти яқин қолган экан, байрам арафасида чиройли баланд пошнали оёқ кийим ёки янги кўйлак ўзига оҳанрабодек тортиши мумкин, аммо келажакдаги ўзингиз қуйидаги 7та харидни ўз вақтида амалга оширганингиз учун раҳмат айтади.

1. Кофе-машина

Замон ўзгариб борар экан, эрта тонгда ишга шошилиш, йўл-йўлакай қайноқ ёки шоколадли қаҳва сотиб олиш хоҳиши туғила бошлайди. Агар ҳисоблаб чиқилса, АҚШда ҳар тонг ишхона сари йўлда харид қилинган қаҳва учун бир киши умри давомида тахминан 100 минг АҚШ доллари сарфлайди. Агар кофе-машинасини харид қилиш учун (у эса арзон матоҳ эмас) қунт билан пул йиғиб борсангиз, ақлли харидларнинг биринчисини амалга оширган бўласиз.

2. Костюм

Савлатингизга ярашиб турадиган бизнес ёки кечалар учун костюм сотиб олишингиз шарт! Бу турдаги харид, у қадар бошни айлантириб қўядиган даражада муваффақиятли бўлмаслиги мумкин, аммо унга кўп зарурият туғилади. Айниқса, сиз карьера қуриш йўлидан илдамлаб борар экансиз, албатта сифатли ва хушбичим костюм керак.

3. Қаттиқ диск-хотира

Компютер ва смартфондаги маълумотлар базасини архивлаб қўйиш, қимматли маълумотларни тўплаш ва олиб юриш учун сизга айнан қаттиқ диск-хотира керак. Унча қиммат бўлмаган диск сизга узоқ йил хизмат қилиши тайин.

4. Ноутбук

Замонавий шахснинг асосий иш қуроли ноутбук ҳисобланади. Шундай экан, сиз ўзингизга узоққа чидамли, бақувват компонентлардан ташкил топган ноутбукни харид қилинг. Ойлик маошдан 3-4 ой иқтисод қилиб, узоқ йил хизмат қилувчи, юқори сифатга эга ноутбук олса бўлади. Шунингдек, маиший техника кредити асосида харид қилиб, ҳар ой маълум миқдорда пул тўлаб боришингиз ҳам мумкин.

5. Тоза сув фильтрловчи аппарат

Ичимлик суви тез орада глобал муаммолар рўйхатида пешқадам бўлиши кутилмоқда, аҳоли сонининг ошиб бориши ҳамда сув ресурсларининг чеклангани бизни организм учун шарт бўлган суюқликни танлаб ичишга мажбур қилади. Бу турдаги харид соғлиқ учун, ҳамёнга ҳам зиён келтирмайди.

6. Интернет курслари

Ахборот асрида маълумотлар тез эскириб, янги билимлар пайдо бўлмоқда ва бу сизни янги чўққиларни забт этишга чорлайди. Эътибор қилиб қарасангиз, иш соатидан сўнг, яъни 18дан 22гача бўлган вақт оралиғида кўп вақт бесамар ўтиб кетади. Шунинг учун арзон ва қулай имкониятлар тақдим этадиган интернет курсларига ёзилишингизни тавсия этамиз.

7. Саёҳат

Ўрта ёшда ҳар қандай киши янги халқ ва маданият, тизимларни ўрганишга катта эҳтиёж ҳис этади. Буларнинг барчасини рўёбга чиқаришга саёҳат учун бироздан маблағ йиғиб боринг, балки бу умрингизда қилган энг катта «ақлли харид» бўлиб қолар...

Top