Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун, 31 август куни ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 9-турида Хитой терма жамоаси билан сафарда баҳс олиб боради. ЎФФ матбуот хизмати жамоалар ўртасидаги ўзаро баҳслар ва йўқотишлар ҳақида тўхталиб ўтади.

Хитой – Ўзбекистон учрашуви бугун, 31 август куни Ухань шаҳридаги Wuhan Sports Center стадионида бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан 17:00 да старт олади. “Спорт ТВ” телеканали ушбу ўйинни жонли эфирда узатишни режалаштирган.

Ўзаро учрашувлар

Жамоалар шу кунгача 11 марта ўзаро тўқнаш келган. 6 учрашувда Ўзбекистон, 4 ўйинда Хитой ғалаба қозонган бўлса,  1 қарама-қаршиликда ғолиб номи аниқланмаган. ЖЧ–2018 саралаш босқичи биринчи даврасида Самвел Бабаян шогирдлари Хитойни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.

Қуйида жамоалар ўртасидаги сўнгги 5 ўйинда қайд этилган натижалар билан танишинг.

16.01.2011  Хитой – Ўзбекистон 2:2  |  Осиё Кубоги, гуруҳ босқичи

05.06.2011  Хитой – Ўзбекистон 1:0  |  Ўртоқлик учрашуви

06.06.2013  Хитой – Ўзбекистон 1:2  |  Ўртоқлик учрашуви

14.01.2015  Хитой – Ўзбекистон 2:1  |  Осиё Кубоги, гуруҳ босқичи

11.10.2016  Ўзбекистон – Хитой 2:0  |  ЖЧ–2018 саралаши

Бўлажак ўйинга тайёргарлик

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичи охирги икки баҳси олдидан Тошкентда Қирғизистон термасига қарши назорат ўйини ўтказиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Бош мураббий ихтиёридаги барча футболчилар имкониятини синовдан ўтказиб, Хитойга 24 футболчидан иборат таркибни танлаб олди.