14:17 / 04.09.2017
6548

Facebook facebook.ru доменини унга беришни талаб қилди

Фото: AP

Американинг Facebook Inc. корпорацияси Россия компаниясидан facebook.ru доменини беришни талаб қилди. 2005 йилдан бу домен "Золотая корона" тўлов тизимининг бош тузилмаси - Молиявий технологиялар маркази (МТМ)га тегишли, яқин вақтдан бошлаб facebook.ru сайтидан тўлов тизими сайтига автоматик қайта йўналтириш жараёни кечмоқда. Бундай вазият Facebook Inc'ни мутлақо қониқтирмайди: корпорация МТМдан 30 сентябрга қадар facebook савдо белгисидан фойдаланишдан воз кечишни талаб қилди. 

Facebook Россия Фуқаролик кодексининг 1515-моддасига таянмоқда, унга мувофиқ бегона савдо белгисидан фойдаланганлик учун 5 миллион рубль компенсация ёки ундан фойдаланиш учун лицензиянинг икки карра суммасини  ундириш кўзда тутилган. 

Шу тариқа Facebook корпорацияси 30 сентябргача facebook.ru доменини унга беришни, 6 сентябргача эса даъвонинг кўриб чиқиш натижалари ҳақида маълумот беришни талаб қилмоқда.

МТМ матбуот хизматида "Коммерсант"га маълум қилинишича, домен 2005 йилда қўлга киритилган, Россияда эса Facebook бундан уч йил кейин пайдо бўлган. Таъкидланишича, сўнгги 12 йилда Америка корпорацияси томонидан бирорта даъво хати келмаган. Компанияда шунингдек мурожаат юристлар томонидан ўрганиб чиқилаётгани маълум қилинган. 

4 сентябрь ҳолатига кўра, facebook.ru домени тўлов тизими сайтига автоматик равишда қайта йўналтиришда давом этмоқда. 

Top