Жаҳон | 14:10 / 14.09.2017
14367
2 дақиқада ўқилади

Facebook’да Ҳиллари Клинтон ҳақида пост қолдирган миллионер қамоққа олинди

Фото: AP

АҚШда миллионер Мартин Шкрели фейсбукдаги постлари туфайли қамоққа олинди. Суднинг фикрича, молиявий найрангларда айбланаётган Шкрели қиймати 5 миллион доллар бўлган товон пули эвазига озод қилиш шартларини бузган.

Бруклиндаги суд қарорига кўра, Шкрелининг ижтимоий тармоқлардаги постлари жамиятга таҳдид туғдиради. Прокуратура миллионерга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақида сўраб, унинг Ҳиллари Клинтоннинг бир тутам сочи учун беш минг доллар таклиф қилган постини алоҳида тилга олиб ўтган. Прокуратуранинг маълум қилишича, махфий хизмат бу пост туфайли Ҳиллари Клинтоннинг қўриқлаш хизмати ишини кучайтиришга мажбур бўлди.

Шкрели постни ҳазил, деб атади ҳамда уни ўчириб ташлади. Миллионер судга ёзма равишда узр сўраганини ҳам билдирди, бироқ судья Кайо Мацумото буни инобатга олмади.

Мартин Шкрели эшитувлар якунлангач, суд залида қамоққа олинди.

«Балки, уни кимлар ўқишини билмас. Балки, кимлардир унинг таклифини жиддий қабул қилиши мумкин экани ҳақида ҳам ўйлаб кўрмаган. У кишига беш минг доллар эвазига ҳужум қилишга ундади», - деган судья. 

Мартин Шкрели ўзига тегишли Turing Pharmaceuticals фармацевтика компанияси ОИВ-инфекцияси терапиясида қўлланилувчи дараприм дори воситасини ишлаб чиқариш учун ҳуқуқларни сотиб олгач, препарат нархини 14 мартага оширганидан сўнг «машҳур» бўлиб кетганди.

2017 йилнинг августида суд маслаҳатчилари коллегияси Шкрелини, ўз фондлари инвесторларини алдаш ва Retrophin компанияси маблағларини қарзларни тўлаш учун ишлатганликда айбдор, деб топди. 

Шкрелига ҳукм ҳозирча чиқарилмади. У ҳаммаси бўлиб 20 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Мавзуга оид