12 сентябрь куни Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев маҳаллий мактаблар директорларини калтаклагани тасвирланган видео «Kun.uz» сайтида эълон қилинди. Видеотасвирда ҳоким Эгамбердиев 8 ўқитувчини уриб, ҳақорат қилаётганини кўриш мумкин. Жумладан, ўқитувчиларга бақириб, «ифлос», «падари лаънат» каби ҳақоратлар билан бирга, директорларнинг елка ва юзига зарба бераётганини кўриш мумкин.
Прокуратура туман ҳокими мактаб директорларини калтаклагани билан боғлиқ вазиятни текширишни бошлади. Мазкур текширув натижасида Эгамбердиев ишдан четлатилиши билан бирга, унга қарши қонунда белгиланган барча чоралар кўрилишини кутиб қоламиз. Шу билан бирга, ҳодиса билан боғлиқ бўлган баъзи мулоҳазалар билан бўлишамиз.
Инсон шаъни олий қадрият
Видеотасвирда Эгамбердиев ўз ҳаракатларини «Мустақиллик, ватан байрами» каби сабаблар билан оқлаётганини кўриш мумкин. Мактаб директорлари Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб келмагани учун дўппосланган. Тасвирда мактаб директорлари «Ватан мустақиллиги сенинг мустақиллигинг эмасми? Байраммасми?» дея сўроққа тутилган.
Бундай ҳодиса биринчи марта рўй бераётгани йўқ. Аввал ҳам «Пахта давлат сиёсати» каби асоссиз сабаб ва оқлашлар билан юзлаб ўқитувчилар, ҳамширалар, ўқувчилар пахта далаларига мажбурий юборилгани, бундай сафарбарликни ташкиллаштиришда «камчиликларга» йўл қўйган кишилар калтаклангани кузатилган.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасини эслашимиз лозим. Мазкур моддага биноан, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади. Мазкур принципга кўра, инсон, унинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади. Демак, инсон шаъни ва қадр-қиммати умуминсоний қадрият бўлиб, ҳеч қандай мансабдор шахс, давлат байрами ёки давлат сиёсати инсон шаъни ва қадр-қимматини топташга асос бўла олмайди.
Давлат бошқарувида ислоҳотлар қилиш пайти келди
Эгамбердиевнинг хатти-ҳаракатлари кундалик ҳаётимизда давлат бошқаруви қандай амалга оширилаётганидан ҳам далолат беради. Самара ҳали ҳам бақир-чақир, ҳақоратлар ва дўппослашлар билан амалга оширилишига ишонадиган мутасадди шахслар борлигини кўрсатади. Давлат бошқарувида раҳбар ва ишчи ўртасидаги муносабатлар ҳеч қачон ҳақорат ва калтаклашларга йўл очиб бермаслиги керак. Раҳбар вазифаларини бажармаган ишчини вазифасидан четлатади ва ўрнига ишни биладиган, вазифаларни бажара оладиган кишини тайинлайди. Нега бизда шундай қилинмаяпти?














