Дам олиш кунлари Англия чемпионатида 5-тур учрашувлари ўтказилди. Мавсумни кўтаринки руҳда бошлаган «Манчестер Сити» ва «Манчестер Юнайтед» бу турда ҳам йирик ғалабаларга эришди ва турнир жадвалини биргаликда бошқаришни давом эттиришди. «Трибуна» турнинг асосий воқеаларини келтиради.

МАНЧЕСТЕР УЧУН АТАЛГАН ТУР

Топ-6 деб ўрганиб қолганимиз тўрт жамоа бу сафар очко йўқотди. «Тоттенҳэм» ўз майдонида «Суонси» дарвозасига 20дан ортиқ зарба бериб, бирорта ҳам гол ура олмаган бўлса, «Ливерпуль» ундан кам бўлмаган устунлик билан «Бёрнли»ни енга олмади. «Арсенал» ва «Челси» эса ўзаро ўйинда дуранг ўйнашди. 

Бу ҳолатдан Манчестернинг икки клуби ажойиб тарзда фойдаланди. Ҳар икки жамоа ҳам у қадар кучсиз бўлмаган рақиб устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Икки жамоа биргаликда 10 гол уришди, бу 5-турда киритилган голларнинг қарийб ярмидир.  

«MOUR-TIME»

Илгари «МЮ» мухлислари орасида «Fergie Time» атамаси кўп ишлатиларди. Сэр бошқарувидаги жамоа сўнгги дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ғалабани илиб кетган пайтлар кўп бўлган.
Ушбу мавсумда АПЛда ўтказилган ўйинларнинг сўнгги 10 дақиқасида жами 24 гол урилганди. Қизиғи, бу голларнинг 9таси, яъни 38 фоизини «Манчестер Юнайтед» футболчилари урган. 

«ЧЕЛСИ» КАРТОЧКАЛАР ГИРДОБИДА

Ўйин олдидан «Челси» устози Антонио Конте - «Умид қиламанки, жамоа ўйинни тўлиқ таркибда тугатади», – деб юборганди. Италиялик мураббий ниятига етиша олмади, 87-дақиқада Давид Луиз Колашинацга ишлатган қўполлиги туфайли майдондан четлатилди. 

Бу «Челси»нинг мавсумдаги 3-қизил карточкаси эди. Лондонликлардан Гари Кэйхилл ва Сеск Фабрегас 1-турда майдондан четлатилган эди. Умуман сариқ карточкалар борасида ҳам «Челси»нинг аҳволи яхшимас – Конте шогирдлари беш турда 10 марта огоҳлантириш олишган – лигада учинчи кўрсаткич.