Жамият | 12:43 / 20.09.2017
23324
3 дақиқада ўқилади

Тамагир раҳбар 9 йилга қамалди

Фото: KUN.UZ

Оҳангаронлик Илёс Комилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2009 йилнинг август ойидан буён “Тошкент электр тармоқлари” ОАЖга қарашли “Оҳангарон электр тармоқлари” корхонаси бошлиғи лавозимида ишлаб келарди. Бу шахс фаолиятининг ўтган даврида тўғри, ҳалол ишлаб, жамоанинг ишончини қозонган, ўзига яраша обрў-эътибор топганди. Бироқ, у мана шу хислатини сақлай олмади. Нафсининг йўриғига юриб, фирибгарлик ҳамда пора олиш жиноятларини содир этди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.

2015 йилнинг декабрь ойида қўлида ишлайдиган бир неча ходимларни йиққан раҳбар, корхонада назоратчи-монтёр лавозимида ишловчи Ўктам Боймуродовга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши очилиб, тергов-суриштирув жараёни кетаётганлигини айтади. Корхона ходимларига ўзини куюнчак қилиб кўрсата олган И.Комилов зудлик билан пул йиғиб, ҳамкасблари Ў.Боймуродов учун адвокат ёллаш кераклигини таъкидлайди. Шу тариқа корхона бошлиғи 1400 АҚШ доллари йиғиб олади ва пулларни ўз манфаати йўлида сарфлаб юборади.

Кўп ўтмай И.Комилов Ў.Боймуродовни ҳузурига чақиради. Туман прокуратураси томонидан унга нисбатан жиноят иши очилгани, шу туфайли уни ишдан бўшатишини айтади. Шу билан бирга, корхона томонидан кредит маблағи тўланиб, Ў.Боймуродов номига олиб берилган туман ҳудудидаги намунали уйни ҳам олиб қўйиш билан қўрқитади. Бу гаплардан сўнг эса овозини бироз пасайтириб, агар минг АҚШ доллари берса, ҳаммаси жой-жойида қолишини қистириб ўтади.

Ўзи тузган режага кўра, И.Комилов тамагирлик қилиб, алдов йўли билан маблағ орттириб, “чўнтагини қаппайтиришга” уринди. Бироқ, “бузоқнинг югургани сомонхонагача” деганларидек, жиноят ўз вақтида аниқланиб, И.Комилов қўлга олинди. Суриштирув жараёнида у айбига тўлиқ иқрор бўлди.

Суд томонидан И.Комиловга тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид