Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туман, Учтепа даҳасидаги 32-мактабда Ёшлар иттифоқи етакчиси бўлиб ишлаган 39 ёшли Гулзода Тожибоева пахтадан қайтаëтганида автобус уриб кетиши натижасида ҳалок бўлди.

KUN.UZ манбаси маълумот беришича, фожиа 16 сентябрь куни рўй берган. Марҳума Пахтакор-Жиззах йўлида Isuzu русумли автобус остида қолган, у воқеа жойида вафот этган.

Айни вақтда Шароф Рашидов туман ИИБ ушбу ҳодиса юзасидан жиноят иши очган.

Гулзода Тожибоева 17 сентябрь куни дафн қилинган.

Тожибоевани яқиндан таниган 32-мактаб ўқитувчиларидан бири ушбу ҳодиса кечқурун соат 20:00дан кейин рўй бергани, теримчилар шу куни пахта даласидан жуда кеч қайтишгани ҳақида айтиб берган.

Бу фожиа ҳақида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши расмий муносабат билдирмади.

KUN.UZ бу масалада изоҳ сўраб, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Маркази Кенгашида ишловчи (исм-фамилияси KUN.UZга маълум) ходим билан боғланганида, у Г.Тожибоева мактабда Ёшлар иттифоқи етакчиси вазифасида бироз муддат ишлагани, лекин маълумоти олий бўлмагани туфайли сентябрь ойидан бу вазифага 1991 йилда туғилган бошқа йигит, Орзиқул Эгамбердиев ишга қабул қилингани, шундан сўнг фожиа рўй берган вақтгача Г.Тожибоева Ёшлар иттифоқига алоқадор бўлмаганини айтди. ЎзЁИ МК ходими Г.Тожибоеванинг ўрнига тайинланган етакчи билан гаплашганини билдирди, шунингдек, Г.Тожибоева шанба куни ўз ихтиёри билан, пул ишлаш мақсадида пахтага чиққани таъкидлаб ўтилди.

Масалага ойдинлик киритиш учун вилоятдаги манбаларимизга қўнғироқ қилганимизда, улар Г.Тожибоева олий маълумотли (!) бўлгани ва фожиа рўй берган кунгача мактабда Ёшлар иттифоқи ташкилоти етакчиси лавозимида ишлаганини тасдиқлади. Фақат ёшлар иттифоқи етакчилари пахта мавсумида уюшмаган ёшлар билан ишлаш отрядларига бириктирилгани боис, шанба куни Г.Тожибоева мактабнинг техник ходимлари таркибида эмас, ўз хоҳиш-ихтиёри билан пул ишлаш мақсадида пахта даласига чиққанини таъкидлашди.

Лекин кўп вақт ўтмасдан, ХТБ ўзини инкор қила бошлади. Жиззах вилоят, Ш.Рашидов туман ХТБ мудири Д.Носиров шу воқеа бўйича тарқалган хабарлар бўйича маълумотнома берган.

Энди Гулзода Тожибоева пахта терими бошланиши арафасида лавозимдан бўшагани, 2 сентябрь куни у билан тузилган меҳнат шартномаси шартларига ўзгартиришлар киритилгани, иш юритувчи сифатида фаолият кўрсатишни бошлагани, 7 сентябрь кунидан туман мудофаа бўлимига 1 ой муддатга хизмат сафарига юборилгани айтилди. Шунингдек, Тожибоева 16 сентябрь куни ўз иш жойига чиқмагани, у пахтага ўз хоҳиши билан маҳалла фаолларига қўшилиб чиққанига урғу қаратилган.