Ўзбекистон | 18:00 / 21.09.2017
78666
10 дақиқада ўқилади

Судьянинг «ғаройиб» қарори ёхуд судья доим ҳақми?

Таҳририятга келиб тушган навбатдаги мурожаат суддаги таниш-билишчилик муносабатлари ҳақида.

Унда айтилишича, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТ банкида меҳнат қилиб келган Д.Ражапов соғлиғини тиклаш мақсадида жорий йилнинг 20 февралида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини очтирган. Орадан бир неча кун ўтиб, 27 февраль куни у ишдан бўшатилгани ҳақида хат олди. Меҳнат кодексининг 100-моддасига кўра, иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган меҳнат шартномаси Д.Ражапов ҳали ишлаб турган куни, 17 февралда бекор қилинган бўлиб, KUN.UZ журналистининг суриштируви давомида бу жараёнда бир нечта қўпол хатоликларга йўл қўйилгани маълум бўлди.

Хусусан, ушбу кодекснинг 101-моддасига кўра, меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг, Касаба уюшма органининг ходимни ишдан бўшатишга розилигини олиш учун ёзма тақдимномасини киритмагунча жараён давом этмайди. Журналистнинг аниқлашича, банк раиси ўз номига киритилган билдиришномага устхат қилган ҳолда, Ражапов масаласини «тегишли тартибда кўриб чиқиш учун» банк Касаба уюшма органига йўналтирган. Бу ҳолатда Касаба уюшма органининг раиси алоҳида мустақил шахс эканини ҳисобга олсак, унга алоҳида тақдимнома киритилиши мантиққа тўғри келади.

Назарий жиҳатдан, банкдаги Касаба уюшмаси органи 17 февралга қадар Д.Ражапов ишини муҳокама этиб, уни ишдан бўшатишга розилик бериш ёки бермаслик қарорини тақдим этиши керак. Муҳокама йиғилишини ташкил этишда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2016 йил 19 апрелдаги 2-11-сон қарори билан тасдиқланган тартибга риоя қилган ҳолда, Д.Ражапов таклиф этилиши мажбурий, бу ҳақда далолатнома тузилади. Аммо журналист билан суҳбатда бўлган банк ходими ана шу қоида амалда ўз аксини топмаганини айтиб бергани бизни таажжубга солди.

Д.Ражапов шу ва бошқа тафсилотларга асосланган ҳолда, ҳужжатлар эски сана билан расмийлаштирилганидан гумон қилиб, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига мурожаат қилишга мажбур бўлган. Уюшма томонидан ўз вақтида, қонун доирасида амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда уни ишга тиклаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилмагач, Д.Ражапов Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво ариза киритишга қарор қилди.

KUN.UZ журналисти олиб борган суриштирув натижаларига кўра, судда Ражаповнинг қонуний манфаатлари туман прокуратураси томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлса-да, судга тақдим этилган далиллар ва судда 3-шахс сифатида иштирок этган Давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори А.Эсоновнинг меҳнат шартномасини бекор қилишда меҳнат қонунчилиги талаблари қўпол равишда бузилгани тўғрисидаги асосли хулосалари эътибордан четда қолгандай, оқибатда туман прокуратураси томонидан даъвони қаноатлантирмаслик тўғрисида фикр берилган. Туман прокурорининг ёрдамчиси А.Исматуллоев тақдим этган ёзма фикрида «ишни якунлаш арафасида эканлигини» баён қилиб, судда аниқланган ҳолатларга изоҳ бермай аризани қаноатлантирилишини рад этган. Шундай қилиб, суд иши тугатилди.

Бу маълумот ва амалиётлар ходимни ишдан бўшатиш жараёнига, одил судловни амалга оширишга катта таъсир қилади, аммо нега судья буларни тўлиқ ўрганиб чиқмади?

Тушунарсиз қарорларни қабул қилинишига нима сабаб бўлганини ўрганишга қизиққан KUN.UZ журналисти Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қ.М.Рафиқов Д.Ражаповни ишдан ноқонуний бўшатган «Ўзсаноатқурилишбанк» банк бошқарув раиси А.Қ.Мирсоатовнинг отаси, қолаверса, Юнусобод туман прокурори Х.Қ.Мирсоатов эса унинг акаси эканини аниқлади. Бундай тасодифнинг пайдо бўлиши кузатувчида шубҳа туғдириши турган гап.

Шунингдек, суд процессларида жавобгар вакили сифатида ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро судида ўзининг судьялик фаолиятини 2017 йил март ойида тугатиб, банкка ҳуқуқшунос лавозимига қайтган А.Назаров исмли шахс қатнашган. Ишни кўраётган судья Ф.Худайбердиева билан кўп йиллар бирга ёнма-ён ишлашгани суд ва банк ўртасида ҳосил бўлган корпоратив манфаатнинг бир бўлаги сифатида даъво ишини олиб боришга таъсир қилган бўлиши мумкинмиди, деган табиий савол пайдо бўлади.

Фуқаро Д.Ражапов биринчи инстанция судининг қароридан норози бўлиб, ФИБ Тошкент шаҳар судига кассация тартибида шикоят киритади. Суд жараёнининг адолатли тарзда ўтказилишини ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида судга оммавий ахборот воситалари вакиллари сифатида «Тошкент» телеканали мухбирларини жалб этмоқчи бўлган даъвогар суд жараёнлари бошланмасидан 2 кун олдин бу ҳақда шаҳар суди раиси вазифасини бажариб турган И.Болтаходжаевани ёзма равишда хабардор қилган. Бундан ташқари, прокуратура идораларининг вакиллари судларда унинг қонуний ҳуқуқлари тикланишига қарши хулосалар бериб келаётгани, жавобгар — иш берувчи А.Мирсоатовнинг прокуратура идорасида яқин қариндоши, яъни акаси борлиги ва одил судловнинг амалга оширилишига ушбу омил ғов-тўсиқ бўлаётгани сабабли прокурор иштирокини рад этиш тўғрисида суд жараёнлари бошланмасидан 1 кун олдин кассация инстанциясига ариза тақдим этган.

Одил судловни таъминлаш мақсадида юқоридаги каби бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишга интилишлар ФИБ Тошкент шаҳар судининг кассация инстанцияси судьялари А.Абдуллаев, Г.Мирзаева, У.Алмамедов томонидан рад этилди. 2017 йил 18 август кунига белгиланган суд мажлиси бошланиши биланоқ телевидение ходимлари томонидан суд жараёнини тасвирга олиш тўғрисидаги масала муҳокамага қўйилиб, суд жавобгар вакилларидан фикр сўраганида, улар банк сирига доир маълумотлар ошкор бўлишини баҳона қилган бўлса, прокуратура ходими А.Айтмуратов «кўча кийимида» келганини, устида формаси йўқлигини рўкач қилади (суд мажлиси баённомасида прокурорнинг ушбу гаплари ўз ифодасини топган). Ўзбекистон Республикаси «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 5-моддасида журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида судларнинг очиқ мажлисларида ҳозир бўлиш, шунингдек маълумотларни зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқларига эга экани белгилаб қўйилганини ва бу Қонун бугунги кунда амалда бўлиб, ўз кучини йўқотмаганини, Фуқаролик-процессуал кодексида оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд жараёнини тасвирга олишларини тақиқловчи моддалар мавжуд эмаслиги ҳеч кимнинг ёдига тушмаган, шекилли.

Аммо суд даъвогарнинг ҳар томонлама қонуний асосланган фикрларини инобатга олмасдан «банк сирига оид маълумотлар ошкор бўлади» деган хулоса билан унинг илтимосини рад этади. Судьялар бу ўринда ишга алоқаси бўлмаган «Банк сири тўғрисида»ги Қонунни тушунарсиз тарзда талқин қилиб, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларини очиқчасига инкор этмаганми? Шу ўринда ҳақли савол туғилади: модомики, судьялар одил судловни амалга оширмоқчи бўлишган экан, фуқаролик иши очиқ суд мажлисида кўрилаётган бўлса, жараённи тасвирга олишга ёки диктофондан фойдаланишга нима учун қонунни бузган ҳолда қаршилик кўрсатишди?

Фуқаролик-процессуал кодексининг 338-моддасида «Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ишни кўриш билан боғлиқ барча масалаларга оид илтимосномалари ва аризалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари тингланганидан кейин суд томонидан ҳал қилинади», деб белгилаб қўйилган. Бу ўринда фақатгина ишни кўриш билан боғлиқ масалалар, яъни процессуал тартибларга оид ишга таъсир қилиши мумкин бўлган масалалар хусусида гап кетмоқда.

Даъвогарнинг прокурор иштирокини рад этиш тўғрисидаги аризасининг муҳокамаси ҳам ана шундай тарзда якун топган. Суд ФПКнинг 25-моддасига таяниб раддияни қаноатлантирмаслик тўғрисида чиқарган ажримини прокуратура ходими А.Айтмуратов ишнинг пировард натижасидан манфаатдор эмаслиги ва тарафларнинг қариндоши эмаслиги билан асослаган. Лекин ажрим чиқаришда 25-моддадаги норманинг «ёхуд рад этилувчининг холислигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, рад этилади» деган аҳамиятли томони эътибордан четда қолдирилган. Даъвогар Д.Ражапов А.Айтмуратовни айнан холислигига шубҳаси борлиги сабабли рад этганди.

Агар дўппини бир чеккага қўйиб ўйласак, президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон судьяларни суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётда ўз ифодасини топиши, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари юксак даражада ҳимоя қилиниши йўлида фидойилик билан хизмат қилишга ундаши зарур эмасми?

Бир неча ой илгари ОАВ орқали Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб, «фуқароларнинг муаммоларини ҳал этишда яқиндан ёрдам бериш орқали уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаймиз ва ҳақиқатни қарор топтирамиз» дея ваъдалар берган шу судьялар эмасмиди?

Унда судьялар «ҳар бир ғайриқонуний хатти-ҳаракатга «фавқулодда ҳолат» сифатида қараймиз, адолатга хиёнат қилган ходимларга нисбатан муросасиз курашамиз» демаганмиди?

Хулоса ўзингиздан, ўйлаймизки, мақолада кўрсатиб ўтилган муаммоларни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти қисқа муддатлар ичида холисона ва чуқур ўрганиб чиқиб, умумий тарздаги хат бериш билан чекланиб қолмасдан, адолатсизликларни бартараф этиш борасида кўрилган аниқ чоралар тўғрисида таҳририятга батафсил ёзма равишда жавоб йўллайди.

Алишер Рўзиохунов

Kun.uz журналисти

Мавзуга оид