Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Судяларнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси судяларнинг мақомини алоҳида қонун даражасида белгилаш, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, судяларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.

Ҳужжат билан судялик лавозимига номзодларга қўйиладиган айрим талабларни қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда. Хусусан, судя ва халқ маслаҳатчилари учун амалдаги 35 ёшлик ёш цензини 30 ёшга тушириш назарда тутилган.

Шунингдек, судяларни лавозимга тайинлаш тартибини ўзгартириш таклиф қилинмоқда. Лойиҳага кўра, судя дастлаб 5 йиллик муддатга, кейинчалик эса муддатсиз даврга тайинланиши мумкин.

Айни пайтда судя, суд раиси ва унинг ўринбосари лавозимларига номзодларга қўйиладиган талабларни кучайтириш ҳам назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида судялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ қатор нормалар ҳам акс этган.

Яна бир муҳим янгилик — миллий қонунчиликка «истеъфодаги судя» институтини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Лойиҳага мувофиқ, истеъфога чиққан судя бошқа ҳуқуқлар билан бир қаторда профессионал медиаторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.

Бундан ташқари, Олий суд ва қуйи судлар аппаратлари фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган айрим нормаларни киритиш кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида депутатлар судьялар мақомини алоҳида қонун билан белгилаш суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судяларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Депутатлар ҳужжатда назарда тутилган нормаларнинг амалиётда самарали ишлашини таъминлаш бўйича ҳам қатор таклифларни билдирди.

Муҳокамалар якунида «Судяларнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжат иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатларнинг таклиф ва тавсиялари асосида такомиллаштирилади.