Бугунги кунда ёшлар орасида “бир ойда икки баравар даромад кўриладиган”, “20 кунда 300% даромад берувчи” ёхуд “бир кунда 150% даромад”ни ваъда қилувчи турли ҲАЙП-лойиҳалар урф бўлдики, натижада кимлардир яхши даромад олган бўлса, кимлардир барча тикилган маблағларидан айрилди.

Хўш, бу ҲАЙП-лойиҳалар нима ўзи ва улар қандай юзага келади? Ушбу мақолада биз жамиятимиз ҳаётига кириб келаётган янгиликлардан бири билан яқиндан таништириб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Ҳайп (инглизча HYIP - High Yield Investment Program) – бу фирибгарлик лойиҳаси бўлиб, унда Понци схемасига ўхшаш усулда инвесторларга ўта юқори даромадни ваъда қилувчи ҳамда фақатгина янги жалб қилинган иштирокчилар ҳисобидан эски омонатчиларга пул беришни йўлга қўйган инвестицион қаллоблик шаклидир. Бошқа сўзлар билан айтганда ҳайплар – молиявий пирамидаларнинг янгича кўринишларидан бири ҳисобланади. Уларда ҳам худди молиявий пирамидалардаги сингари кўплаб янги иштирокчиларни жалб қилиш ҳисобига эски иштирокчиларга қўшимча маблағлар ажратилиши белгиланади. Бунда худди тармоқ маркетингидаги сингари мавжуд иштирокчиларга ваъда қилинган даромаддан ташқари фаоллик кўрсатган ҳолда янги иштирокчиларни жалб қилганлик учун кўп поғонали тизимда (рефераллар) даромад тўлаш тизими амал қилади.

Масалан, агар тизимда биринчи поғона киритадиган маблағдан 5%, иккинчи поғонадан 3% ва учинчи поғонадан 2% даромад берилиши назарда тутиладиган бўлса, у ҳолда юқори поғонада турган инсон ҳар бир ўзидан қуйида турган жалб қилган иштирокчилардан мос равишда қўшимча даромад олади. Дейлик, Аҳмад биринчи поғонада турибди ва ушбу лойиҳага Эшматни таклиф қилди ва Эшмат 100 000 сўм маблағ киритди. Ушбу 100 минг сўмдан 5% (5 минг сўм) Аҳмадга қўшимча даромад сифатида берилади. Энди ўз навбатида Эшмат лойиҳага Тошматни таклиф қилди ҳамда Тошмат 200 000 сўм пул киритди. У ҳолда Эшматга 5% (10 000 сўм) ва Аҳмадга 3% (6 000 сўм) бонус сифатида берилади. Худди шу сингари қуйига қараб давом этаверади ва пирамиданинг юқорисида турган Аҳмад ҳар бир ўзининг жамоасидаги иштирокчилар томонидан жалб қилинадиган янги иштирокчилар киритадиган маблағлар ҳисобидан бонус олиб тураверади.

Ҳайп-лойиҳалар инвесторларни жуда юқори даромадларни қисқа муддатларда тўлаб бериш имкониятини бериши билан ўзига тез жалб қилади. Ушбу тўлаб бериладиган юқори даромадларнинг манбалари сифатида эса улар турли афсоналарни ўйлаб топишади.