2021 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ҳолати ҳақида ахборот берган Русланбек Давлетов аҳоли ҳаётидаги ҳуқуқий муносабатларда юзага келаётган муаммоларни таҳлил қилиб бориш, шунга қарата аниқ ва манзилли ишлаш кераклигини билдирди.
«Масалан, фирибгарлик, киберфирибгарлик ҳозир авж оляпти. Янги молиявий пирамидалар пайдо бўляпти. Фуқароларимиз қимор ва бошқа таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жиноий жавобгарлик борлигини билиб туриб ҳам бу йўлдан қайтмаяпти.
Ўзбекистонда фирибгарлик сўнгги 4 йилда 4 бараварга, (2018 йилда 6 483 та, 2019 йилда, 6 321 та, 2020 йилда 10 496 та, 2021 йилда 24 554 та), киберфирибгарлик эса сўнгги 3 йилда 8,3 бараварга кўпайиб, ҳозирда умумий жиноятчиликнинг қарийб 5 фоизига етган.
Биз аҳолимиз алданиб қолмаслиги учун керакли маълумотни етказишимиз, осон даромад топиш илинжида тузоққа тушиб қолмаслиги чораларини кўришимиз керак», – деди Давлетов.
Адлия вазири яқинда давлат томонидан лицензияланган ва қонуний ишлашига ишонч билдирилган хусусий клиника бутун халқни алдагани ҳақида эслатиб ўтди.
«Давлат органлари ҳушёр бўлиб, фирибгарлик ҳолатлари олдини олиб бориши зарур. Яқинда битта хусусий клиника атрофидаги ҳолатларда, давлат бу клиникага лицензия берган, қонуний ишлашига ишонч билдирган, мана энди клиника бутун халқни алдагани маълум бўляпти.
Жиноятчилар жавобгарликка тортилиб зарарни тўлиқ қопламасдан бироз муддат озодликдан маҳрум қилиниб, яна озодликка чиқиши кузатилиши мумкинки, бу ҳам аҳолида салбий кайфиятни пайдо қилиши мумкин. Шунинг учун фирибгарлик содир этган ва зарарни тўлиқ тўламагани учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахслар, жазони ўташ давомида тўлиқ зарарни қопламаган бўлса шартли озод қилинмаслигини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди», – дейди у.
Шунингдек, Давлетов сўнгги вақтларда жамиятда кўпаяётган самосуд ҳолатлари ҳуқуқий онгга тескари ишлашини билдирди.
«Самосуд балки ўша заҳоти кимнингдир қонга тўлган кўзларини ёки кузатиб турганлар инстинктини ва эҳтиёжини қондирар, лекин узоқ истиқболда эркин жамият қуришга катта тўсиқ бўлади ва одамларнинг адолатли ва хавфсиз шароитда яшашга ишончини сўндиради. Шунинг учун бу борадаги тарғибот-ташвиқотни кучайтириб, самосуд ҳолатларига қарши курашишимиз лозим», – дейди вазир.

















